Ўзбекистон | 07:30 / 15.12.2022
1637
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудлар инновацион салоҳияти рейтинги тузиб чиқилади

“Ҳудудлар инновацион салоҳияти рейтинги ҳисобини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • ҳудудлар 2023-2026 йилларда инновацион ривожланиши рейтингини ҳисоблаш кўрсаткичлари;
  • ҳудудлар 2022 йилда инновацион ривожлантириш рейтингини ҳисоблаш кўрсаткичлари;
  • ҳудудлар инновацияларни жорий қилиш бўйича фаолиятини баҳолаш рейтинг ҳисоби;
  • 2022-2026 йилларда Ўзбекистон инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичларни бажариш юзасидан соҳалар бўйича тақсимоти тасдиқланади.

Давлат статистика қўмитаси ҳудудлар ва инновацион салоҳияти ва фаоллигини ҳисоблаш учун лозим бўлган кўрсаткичлар ҳисобини юритишни йўлга қўяди ва ҳар чоракдан кейинги ой 25-санасига қадар бу кўрсаткичлар бўйича маълумотлар Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

  • ҳудудлар инновацион фаоллиги рейтинги ҳисоби Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳар чоракдан кейинги ой якунига қадар олиб борилади;
  • рейтинг ҳисоби кўрсаткичлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишига тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари масъул ҳисобланади;
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳар йил якуни билан ўтказиладиган мажлислар кун тартибига ҳудудлар инновацион фаоллиги масаласи асосий масалалардан бири сифатида киритилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда 2023 йил 1 апрелига қадар:

  • ҳудудлар инновацион салоҳиятини ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ва инновацион ҳудудларга айлантирилаётган туман (шаҳар)лар ҳокимликлари инновацияларни жорий қилиш бўйича фаолиятини ҳар чорак якуни билан баҳоловчи дастурий илова ишлаб чиқади ва амалиётга жорий қилади;
  • барча туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан иловага ҳар чорак якуни билан маълумотларни киритиб бориш бўйича жойларда амалий семинарлар ташкил қилади.

Белгилаб қўйилишича, ҳудудларда инновацияларни жорий қилиш бўйича маълумотларни ўз вақтида ва сифатли юритиш ҳамда иловага юклаш ишига туман (шаҳар) ҳокими масъул ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид