Жаҳон | 13:33 / 16.12.2022
7298
2 дақиқада ўқилади

Лион яқинидаги ёнғинда камида 10 киши ҳалок бўлди

Франциянинг Во-ан-Велен шаҳридаги турар жой биносида содир бўлган ёнғин билан 170 киши курашди. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Камида 10 киши, жумладан, вояга етмаган шахслар ҳалок бўлган.

Фото: AFP

16 декабрь, жумага ўтар кечаси Франциянинг Во-ан-Велен шаҳридаги турар жой биносида ёнғин содир бўлди. Натижада камида 10 киши, жумладан, 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 5 нафар бола ҳалок бўлди. Яна 4 киши оғир тан жароҳати олди, 10 киши, жумладан, икки ўт ўчирувчи енгил тан жароҳати олди, дея хабар беради Овернь-Рон-Альп минтақаси префектураси. 

Лион чеккасидаги воқеа жойига ўнлаб ўт ўчириш машиналари жалб қилинган. Ёнғинга қарши курашда ихтисослаштирилган хизматларнинг 170 нафар ходими иштирок этди.

Ёнғин турар жой биносининг биринчи қаватида содир бўлган, кейинроқ тўртинчи қаватга ўтган, деди BFMTV телеканалига ўт ўчириш хизмати вакили. Тутун аҳолини эвакуация қилишни қийинлаштирди. Ҳозирги вақтга келиб ёнғин ўчирилган.

Расмийлар бинодаги ёнғинга нима сабаб бўлганини ҳозирча билмаяпти, деб хабар қилди Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманен. Тергов очилади, дея таъкидлади Ички ишлар вазирлиги раҳбари. У республика президенти Эммануэл Макрон билан алоқада эканлигини қўшимча қилди. 

Мавзуга оид