Жаҳон | 15:43 / 16.12.2022
3473
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Босния ва Ҳерцеговинага номзод мақомини берди

Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун номзод мақоми Босния ва Ҳерцеговина ҳукуматига Брюссел Сараеводан ислоҳотлар кутаётганидан далолат беради, деди Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел.

Фото: AFP

15 декабрь, пайшанба куни Европа Иттифоқи Босния ва Ҳерцеговинага (БвҲ) аъзоликка номзод мақомини берди. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари Брюсселдаги йиғилишда Европа Иттифоқининг Европа ишлари бўйича вазирларининг тегишли тавсиясини маъқуллади.

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел бу қарорни Болқон республикаси аҳолиси учун «сигнал» деб атади. Шу билан бирга, номзод мақомининг берилиши «янги ҳокимият томонидан ислоҳотлар ўтказилиши аниқ кутилаётганидан далолат беради», дея қўшимча қилди Европа кенгаши раҳбари. Хусусан, Брюссел Сараеводан коррупцияга қарши кураш ва бошқарув соҳасида ўзгаришларни кутмоқда. 

Босния ва Ҳерцеговина 2016 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берган. Бироқ, Европа комиссияси фақат 2022 йил октябрь ойида ЕИ кенгашига мамлакатга номзод мақомини беришни тавсия қилди. Бу қарор БвҲда туб ислоҳотлар ўтказилишига умид билан боғлиқ, деган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. 

Июнь ойида Украина ва Молдова тезлаштирилган аъзолик учун ариза бериб, ЕИ аъзолигига номзод сифатида тан олинган эди. Грузия ҳам худди шундай ариза юборган, бироқ унга фақат «Европа истиқболи» мақоми берилган. Брюссел Тбилисига Европа интеграцияси йўлида кейинги тараққиёт учун 12 мезондан иборат рўйхатни юборди. 

Украина ва Молдовадан ташқари бугунги кунда Европа Иттифоқига аъзоликка Албания, Шимолий Македония, Сербия, Черногория ва Туркия номзоддир. Бироқ, бу давлатларнинг ҳеч бири учун Европа Иттифоқига кириш шартлари аниқланмаган. 

Мавзуга оид