Спорт | 12:15 / 18.12.2022
31006
4 дақиқада ўқилади

Гап фақат Мессида эмас. Нега Аргентинага мухлислик қилиш кераклиги ҳақида

Бугун йилнинг асосий футбол ўйини ўтказилади — жаҳон чемпионатида финал. Аргентина ва Франция терма жамоалари турнир давомида ёрқин иштирок этишди ва бош совриндан бир қадам берида туришибди.

Фото: Global Look Press

Илгари, футбол бу қадар кундалик ҳаётимизга айланмаган пайтларда дунё футбол юлдузларини фақат жаҳон чемпионатларида томоша қилган. Пелени фақат Бразилия, Эйсебиони Португалия, Марадонани Аргентина либосида тасаввур қилишган. Уларга берилган баҳо айнан мундиалларда кўрсатган ўйини асосида берилган.

Тўғри, бошқа гуруҳ ҳам бор - Ди Стефано, Жорж Бест, Кенни Далглиш каби. Биласизми, уларни илк саналган номлар билан бир қаторда тилга олишга нимадир етишмаётгандек бўлади. Кўпинча, маълум клублар билан тилга олинишади: «Реал» афсонаси, «Ливерпул» тарихидаги энг яхшиси ва ҳоказо. Футбол афсонаси дейиш учун ўша етишмаётган жиҳат - албатта, мундиаллар.

Ҳозир кўп нарса ўзгарган. Бутун дунё ҳамма юлдузларни ҳар ҳафта томоша қилади. Уларга мухлислик қилади, бирга ғалаба қозонади, мағлубиятларининг гувоҳи бўлади. Аввалгидек, кимгадир баҳо бериш учун тўрт йил мундиални кутиш эҳтиёжи ҳам йўқ, аслида. Футболчи ўз ишини қиляпти, ўта юқори даражада, энг зўр бошқа футболчиларга қарши ўз маҳоратини ҳар ҳафта намойиш қиляпти, нега энди, шу етарли эмас?

Афсуски, консерватив инглизлар яратган футбол ҳам ўта консерватив. Тарих шундоғам консерватив. Футбол тарихи, демак ўз номи билан шунақа, моҳият, шакл ўзгарган бўлса-да, ўлчовлар ўзгармас экан. Пеле ва Марадона билан бирга тилга олинмоқчимисиз, ҳар эсланганда «лекин жаҳон чемпиони бўлолмаган-да» деган қўшимчадан қутулмоқчимисиз, бугунги финални ютишингиз шарт!

Мессига айтяпман.

Қизиғи, анчадан бери футболчиларга жаҳон чемпиони бўлиш талабини қўймаётгандик. Нечта футболчи бор, Бекҳэм дейсизми, Фигу, Азар, Де Брюйне, Руни, Раул, Баджо-ю Златан, уларнинг зўр футболчи сифатида тан оламиз, ундан зўри бўлмаган пайтлар ҳам бўлган, муаммосиз, аммо Месси ва Роналду қарични анча кенг олишди, ўз даври эмас, уларнинг қаричи ўша эллигинчи йиллардан, Пеле порлаган пайтларгача узайди. Нимаям дердик, осон эмас бу майдон ичида турмоқ.

Мен Мессичи эмасман. Роналдучи ҳам эмас. Лекин улар шу даражага етишдики, ҳатто бирининг муваффақияти иккинчисини ҳам буюклаштиради - агар Месси жаҳон чемпиони бўлса, у футбол қиролларидан бирига, Роналду эса, мана шундай қирол билан рақобат қила олган буюк шахсга айланиб қолади. Ҳар иккиси «катта даврда футболнинг чўққисида туриб, лекин чемпион бўлолмаган икки омадсиз» таърифидан қутулишади. Месси ва Роналду одам-футболчилардан алоҳида бир «тур», бугун Месси мана шу «тур»ни ҳам ҳимоя қилиб чиқади.
Мессининг чемпион бўлиши, демак  Роналду ҳам бемалол чемпион бўла оларди, деган фаразни исботлаб қўяди. Шунақа.

Икки мамлакат, ўнлаб футболчи майдонга тушадиган, балки бутунлай бошқа номлар ҳал қиладиган ўйин олдида фақат Мессини тилга олаётганимнинг сабаби шу. Айни дамда Месси муҳимроқ, ҳаммасидан каттароқ. Бугун оддий финал эмас.

Французлар ва унинг мухлислари хафа бўлишмасин. Улар чемпионликка албатта лойиқ. Таркибдан «Олтин тўп» эгасини чиқариб туриб ҳам, финалгача етиб келиш катта салоҳиятдан дарак беради, қойил. Аммо футболнинг заррача инсофи бўлса, шундоқ ҳам тўрт йил олдин чемпионликни ютган бу жамоа катта тарихнинг муҳим саволига нуқта қўйилаётган дақиқаларда халақит бермай туради. Узр.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид