Жамият | 23:20 / 20.12.2022
26981
1 дақиқада ўқилади

Қишлоқ манзараси: турп тозаловчилар

Фарғонанинг Риштон тумани Қайрағоч қишлоғида асосан турп, шолғом экилади. Айни кунларда йиғиштирилган ҳосил сараланмоқда. Эркак ва аёллар кунлик ишга жалб қилинган. Эркаклар турпни сувда тозалаб ювиб беради. Аёллар уларни қопга жойлайди. Кунлик ишда аёллар 70-80, эркаклар эса 100-150 минг сўм пул топади.

“Турп қоплаш учун ҳар куни 20-30 нафар ишчи ёлланади. Уларни икки маҳал иссиқ овқат билан таъминлаймиз. Ҳашарчилар эрталаб соат 08:00дан 17:00 гача ишлайди.

Авазбек Худойбердиев, тадбиркор

Ҳозирги кунда турп ва шолғомлар Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистонга экспорт қилиняпти. Айни пайтда бир кг турпнинг улгуржи баҳоси 700-900 сўм, шолғом эса 1000 сўмдан сотиляпти. Кези келганда турплар музлаткичларга ҳам жойланади.

Қайрағоч қишлоғи аҳолиси асосан деҳқончиликдан кун кўради. Қишлоқда кўпроқ қизилча, турп, шолғом, эрта баҳорда помидор етиштирилади.

Ишчиларни эрталаб ўзлари тўпланиб турадиган жойидан олиб кетиб, кечки пайт яна уйларига элтиб қўямиз.

Кузда даладаги ҳосилни йиғиштиришни бошлаймиз. Турплар йиғиштирилиб то қоплангунга қадар икки ой вақт кетади”, – дейди тадбиркор Авазбек Худойбердиев.

Ташқари совуқ. Лекин иш қизғин...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид