Ўзбекистон | 16:17 / 29.12.2022
10198
2 дақиқада ўқилади

«Aхборот кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасидаги «хавфли модда»

Сўз эркинлиги, барча эркинликлар каби, жуда нозик ютуқдир. Бу – барча томонлар: давлат, фуқаролик жамияти ва хусусий секторнинг биргаликдаги умумий ҳамда доимий иши.

Нозима Давлетова, Масс-медиа фонди директори

29 декабр куни АОКА томонидан тайёрланган «Aхборот кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси якунланади.

Бундай кодексни яратиш ғоясининг ўзи – жуда ажойиб. У ОAВ фаолиятини бошқариши, медиа тўғрисидаги қонунларни тартибга солиши, жамоатчилик муносабатларининг барча иштирокчиларида сўз эркинлиги чегаралари ҳақида аниқ тушунчаларни шакллантириши керак. Лекин мени, қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилишидан олдин, якуний ҳужжатнинг айрим бандлари давлат назоратчиси томонидан Масс-медиа фондига тақдим этилмагани ташвишлантиряпти.

«Жамият, давлат ва давлат рамзларига нисбатан таҳқирловчи характерга эга ёки ҳурматсизлик (шунингдек, беҳаё сўзларни ишлатган ҳолда) ифодаланган ахборотни чеклаш тўғрисида»ги 45-модда хавфлидир.

Биз, ҳар қандай фуқарони жиноятчига айлантира оладиган бундай мавҳум таърифлар билан сўз эркинлигини ҳимоя ҳам қила олмаймиз ва албатта, мустаҳкамлай ҳам олмаймиз. Шундоқ ҳам журналист ва блогерларнинг ўз кучли цензураси қобиғига ўралиб қолиши ва улардаги мавжуд қўрқув ҳақиқий сўз эркинлиги ривожланишига фақатгина тўсиқ бўлиши мумкин холос.

Тартиб ва қонунларга риоя этиш бу – ҳар икки томоннинг муштарак ҳаракатлари билан амалга оширилса, самарали кечади. Ҳуқуқий жамият учун давлат идораларининг очиқлиги, журналистиканинг юқори стандартлари, медиасаводлилик қонунлардаги ноаниқ тушунчалардан кўра сермаҳсулроқдир. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди сўз эркинлиги тўғрисидаги ҳар қандай қонун ҳужжатларига аниқ ва тушунарли таърифларни киритишга чақиради. Aхир, мақсад тақиқлар жамиятини эмас, балки ҳуқуқий жамиятни яратишда-ку, шундай эмасми?

Нозима Давлетова, Масс-медиа фонди директори

Мавзуга оид