Жаҳон | 18:18 / 29.12.2022
17411
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистонда Чингизхон асос солган шаҳар қайта қурилади

Мўғулистон президенти Мўғул империясининг қадимий пойтахти Хархорум шаҳрини тиклаш тўғрисида фармон чиқарди.

Фото: Reuters

Мўғулистон президенти Хурэлсух Ухнаа Мўғулистон ҳукуматига Мўғуллар империясининг қадимий пойтахти Хархорумни (Қорақурум) тиклашни буюрди.

Бу ҳақдаги фармондан кўзланган мақсад – фуқароларнинг соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаши учун шароит яратиш, асосий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли концентрациясини камайтириш, ҳудудларнинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш, давлатнинг қимматли меросини мустаҳкамлаш, тарих ва маданиятни тиклашдан иборат.

Хурэлсух Ухнаа қадимий пойтахт Хархорум тарихий-маданий мерос эканини, Буюк Мўғуллар империяси қудрати тимсоли бўлганини таъкидлади.

«Хархорум шаҳрини қайта қуриш улкан иш бўлиб, бунинг учун катта вақт, маблағ, машаққатли меҳнат ва фидойилик талаб этилиши аниқ. Аммо, биз мўғуллар, давлат, ҳукумат, халқ бўлиб бирлашиб, бир мақсад йўлида астойдил ҳаракат қилсак, мўғул зукколиги, куч-қудрати, аждодлар маскани, табаррук ўчоғи бўлмиш Хархорум шаҳрини тиклай олишимизга ишончимиз комил», деди президент.

Хархорум шаҳри Чингизхон буйруғи билан 1220 йилда барпо этилган. У Мўғуллар империясининг пойтахти ҳисобланган. Чингизхон ўлимидан кейин пойтахт Кайпин шаҳрига кўчирилган. Шундан сўнг, Хархорум ривожланишдан тўхтаб қолган. Ҳозирги вақтда кичик қишлоқ кўринишида бўлиб, 10 мингга яқин одам истиқомат қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид