Жаҳон | 20:04 / 02.01.2023
25185
2 дақиқада ўқилади

Япония ҳукумати оилаларга Токиодан кўчиб кетиш учун пул таклиф қилмоқда

Пойтахтда аҳоли сони кескин ошиб бормоқда, ўз навбатида қишлоқ жойлари ҳувуллаб қоляпти.

Фото: Reuters

Япония ҳукумати оилаларга Токиодан қишлоқ жойларига кўчиб ўтиш учун пул таклиф қилмоқда. Тўлов миқдори ҳар бир бола учун - 1 миллион иена (ёки 7600 доллар). Бунга сабаб – Япония пойтахти аҳолиси сонининг кескин ошиб кетиши, аҳолининг тез қариб бораётгани ва туғилиш даражасининг камайиши.

Кўчиб ўтиш учун нафақа схемаси 2019 йилда жорий қилинган, аммо ҳозир тўловлар уч баравар кам – ҳар бир бола учун 300 минг иена (2280 доллар).

Тўловларнинг ошиши ҳукуматнинг ёш оилаларни Токиодан кўчиб ўтишга ундаш мажбуриятининг бир қисмидир. Кўчиб келган оилаларга 3 миллион иена (22 800 доллар) миқдорида бир марталик молиявий ёрдам ҳам таклиф этилади. Агар улар янги жойда бизнес очишса, кўпроқ пул олиши мумкин. Ушбу ёрдамга рози бўлганлар камида беш йил қишлоқда яшаши керак, акс ҳолда улар пулни қайтариши шарт.

2021 йилда 2400 оила бу ёрдамдан фойдаланган. Бу Катта Токио 38 миллионлик аҳолисининг атиги 0,006 фоизини ташкил қилади.

Япония аҳолисининг камайиши ва қариши, ёшларнинг пойтахтга кўчиши, қишлоқлар бўшаб бораётгани, бўш қолган уй-жойларнинг кўпайиши чекка ҳудудларга зарба бермоқда. Шу билан бирга, Токиодаги кўчмас мулк нархи юқорига кўтарилиб кетяпти.

Япониянинг 1300 га яқин муниципалитети Токиодан кўчиб келаётган одамларни қабул қилишга рози бўлган. Уларга текин боғча ва иш ваъда қилинмоқда.

Японияда туғилиш даражаси кутилганидан тезроқ пасайиб бормоқда. 2022 йилда туғилган болалар сони XIX аср охиридан бери биринчи марта 800 мингдан пастга тушди. 2017 йилда Аҳоли ва ижтимоий хавфсизлик миллий тадқиқот институти бу 2030 йилда содир бўлишини кутган эди.

Мавзуга оид