Ўзбекистон | 16:56 / 03.01.2023
15576
2 дақиқада ўқилади

Ҳукуматдан тақдирланишни сўраган сурдлимпиачиларга мукофот пуллари берилди

Халқаро мусобақада бронза олган 3 нафар спортчига 10 минг доллар, мураббийларга 5 минг доллар миқдорида мукофот пули ажратилди. Спортчиларнинг тақдирланмагани ва улар бундан норозиликлари ҳақидаги мақола олдинроқ Kun.uz’да эълон қилинганди.

2022 йил Бразилияда ўтган XXIV Сурдлимпия (эшитишда нуқсони бор спортчилар ўртасидаги мусобақа) ўйинларида қатнашган спортчиларга бир марталик пул мукофоти топширилган. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги (ҳозирги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги) хабар берди.

Мусобақада таэквондо WТ бўйича илк бора Дилбар Тожибоева, Гўзал Эшмирзаева, Мафтуна Абдиюсупова 3та бронза медалини қўлга киритган. Вазирлик 30 декабр куни XXIV Сурдлимпия ўйинларида бронза медали олган спортчиларнинг ҳар бирига 10 минг доллардан, уларни тайёрлаган тренерлар – Даврон Хидиров ва Зайнобиддин Назаралиевга 5 минг доллардан мукофот пули топширган.

Олдинроқ Kun.uz’да Бразилияда эшитишида нуқсони бўлганлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада қатнашган спортчилар тақдирланмагани ва спортчилар бундан норозилиги ҳақида мақола эълон қилинганди. Унда Спортни ривожлантириш вазирлиги масъуллари совриндорларнинг ҳар бирига 10 минг доллар, спортчиларни тайёрлаган мураббийларга 5 минг доллар миқдорида бир марталик пул мукофоти берилишини сўраб бош вазир Абдулла Ориповга мурожаат йўллангани ва ҳукумат жавобини кутишаётганини маълум қилишган эди.

Мавзуга оид