Жаҳон | 20:44 / 04.01.2023
12868
2 дақиқада ўқилади

Баҳорда биз жиддий ҳужумни режалаштиряпмиз — Украина разведкаси бошлиғи 

Мақсад – Қримдан Донбассгача бўлган ҳудудларни озод қилиш ва Россия Федерациясини мағлуб этиш. 

Фото: ABC News

2023 йил баҳорида Украина жиддий ҳужум бошлашни режалаштирмоқда, деди мамлакат ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов ABC телеканалига берган интервьюсида. 

Будановнинг таъкидлашича, қарши ҳужум Украинанинг босиб олинган барча ҳудуди бўйлаб, Қримдан Донбассгача амалга оширилади. «Мақсад - ушбу ҳудудларни озод қилиш ва Россия Федерациясини мағлуб этиш», деди у. 

ABC журналисти Будановдан 2022 йил декабр ойида Россия ҳаво базаларига берилган сўнгги учта зарба ҳақида изоҳ сўради, аммо у бу ҳақда фақат уруш тугаганидан кейин гапириш мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу зарбалардан жуда хурсанд ва келажакда ҳам шундай ҳужумлар содир бўлади деб ўйлайди. 

Буданов, шунингдек, Россиянинг қурол-яроғ захираси тугаётганини айтди. Бу Россия Федерациясини арзонроқ ечимларни излашга, масалан, Эрон дронларини олишга мажбур қилмоқда. 

«Россия энди дунёга ҳарбий хавф туғдирмайди, бу шунчаки уйдирма, ягона савол – ядро арсенали ва назоратсиз режим, бу бутун дунёни Россияни ядросизлантириш зарурлигини англашга мажбурлайди», деб қўшимча қилди у. 

Аввалроқ, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия ҳам катта эҳтимол билан 2023 йилнинг баҳорида кенг кўламли ҳужумга тайёрланаётганини айтган эди. 

«Россиядаги қисман сафарбарлик иш берди. Руслар 200 мингга яқин янги аскар тайёрламоқда. Улар яна Киевга ҳужум қилишига шубҳам йўқ», деган эди Залужний. 

Мавзуга оид