Жаҳон | 10:13 / 04.01.2023
4796
3 дақиқада ўқилади

Германияда йиллик инфляция рекорд даражани ташкил этди

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда Германияда инфляция рекорд даражада бўлган, бироқ йил охирига келиб вазият яхшилана бошлаган.

Фото: Anadolu agency

Германияда йиллик инфляция 2022 йил охирида 7,9 фоизни ташкил этди, дея хабар беради Федерал статистика бошқармаси 3 январь, сешанба куни. Бу идоранинг дастлабки ҳисоб-китоблари, аммо 7,9 фоиз даражаси бутун мамлакат тарихидаги рекорд даражадаги юқори кўрсаткичдир, дея қайд этади dpa агентлиги. Идора якуний натижаларни 17 январь куни эълон қилади.

Охирги марта нархлар 1951 йилда кучли кўтарилган, ўшанда инфляция даражаси 7,6 фоизни ташкил қилган. Бироқ ўшандан бери ҳисоб-китоб усули ўзгарди ва Германия қайта бирлашганидан бери инфляция ҳеч қачон бундай кўрсаткичларга эришмаган, деб ёзади агентлик. 2021 йилда Германияда истеъмол нархлари ўртача 3,1 фоизга ошди.

Ўсишнинг асосий омили энергия ва озиқ-овқат нархларининг ошиши бўлиб, нархлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли кўтарилди, дейилади идора ҳисоботида.

2022 йил декабрь ойида Германияда инфляция «тўсатдан кескин пасайди», деб таъкидлайди Reuters. Истеъмол нархлари ўтган йилнинг шу ойига нисбатан ўртача 8,6 фоизга ошди. Reuters томонидан сўралган иқтисодчилар 9,1 фоизлик ўсишни кутаётган эди. Федерал статистика идораси декабрь ойидаги яхши натижаларни ҳукуматнинг газ ва иссиқлик истеъмолчиларига бир марталик фавқулодда ёрдам кўрсатиши билан изоҳлади.

Аввалроқ, Мюнхендаги Иқтисодий тадқиқотлар институти декабрь ойининг охирига келиб, федерал ҳукуматнинг истеъмолчиларга декабрдаги газ тўловларини бюджетдан қоплаш тўғрисидаги қарори туфайли инфляция даражаси сезиларли даражада пасайишини тахмин қилган эди. 2023 йилда, институт прогнозига кўра, Германияда истеъмол нархлари 6,4 фоизга ошади. Иқтисодий тадқиқотлар институти экспертларининг фикрича, 2024 йилда инфляция 2,8 фоизни ташкил қилади.

Эссендаги RWI Рейн-Вестфал иқтисодий тадқиқотлар институти прогнозларига кўра, давлат ёрдам пакетларининг қабул қилиниши натижасида бу йил истеъмол нархлари 5,8 фоизга ошади. Немис ҳукумати томонидан қарор қабул қилинган электр ва газга нисбатан «нарх тормози» инфляцияни бир фоиздан кўпроққа пасайтиради, дейди RWI экспертлари. 2024 йил учун улар инфляцияни 2,5 фоиз даражасида тахмин қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид