Ўзбекистон | 09:55 / 04.01.2023
18372
4 дақиқада ўқилади

Ижобий ўзгаришлар кузатилмаётган қонли статистика

Йўл йўқ, лекин йўл қоидаси бор. Йўл чизиғи йўқ, аммо уни кесиб ўтганлик учун жарима ёзадиган камералар бор. Йўл ёмонлиги оқибатида авария содир этилса, жазо ҳайдовчиларнинг бўйнида. Йилларки, ижобий ўзгаришлар кузатилмаётган даҳшатли аварияларда ким кўпроқ айбдор? Kun.uz шу мавзу муҳокамаси юзасидан йўл ҳаракати фаоли, адвокат Камолиддин Бахавадинов билан суҳбатлашди.

Ўзбекистонда авариялар ва уларнинг аянчли оқибатлари билан боғлиқ даҳшатли рақамлар йилларки салбий кўрсаткичларини ўзгартирмай келмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, йигирма йиллардан ошиб ҳам, мамлакатимизда ҳар ўн мингинчи одам авариялар сабаб ҳалок бўлмоқда. Ижобий ўзгариш йўқ.

Йўл ҳаракати фаоли, адвокат Камолиддин Бахавадиновга кўра, ЙТҲларнинг кўп содир бўлишига асосан 3 иштирокчи айбдор:

“Бугунги кунда асосий айбдорлар сифатида 3 та фигурантларни санаган бўлардим. Улар қотил йўл инфратузилмаси, қотил ҳайдовчилар ва ўз тақдирига бефарқ йўловчилар. Мана шу уч иштирокчи даҳшатли статистикани “безаб” беряпти. “Қотил йўл инфратузилмаси” одамлар қоидага амал қиладими-йўқми, барибир уларнинг ўлимига сабаб бўлади. “Қотил ҳайдовчилар” – йўлдаги барча қонун-қоидаларни инкор этадиган, қоидалар уларни бузиш учун яратилган деб ҳисобловчилар. “10 та жоним бор, менинг ҳаётим кафолатланган. Мен ўлимдан суғурталанганман” қабилида белгиланмаган йўллардан қўрқмасдан кесиб ўтувчилар эса юқорида тилга олинган ўз ҳаётига бефарқ йўловчилардир”.

 Камолиддин Бахавадинов, Фото: Kun.uz

2022 йилнинг ўзида икки юз мингдан ортиқ ҳамюртларимиз вафот этган бўлса, шулардан икки мингга яқини айнан йўл-транспорт ҳодисаси сабабли оламдан ўтган. Бу эса ҳар юзинчи ўлим авария туфайли деганидир. Ижобий ўзгариш деярли сезилмаяпти.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилнинг дастлабки олти ойида содир бўлган ЙТҲларнинг 45 фоизига йўл инфратузилмасининг, яъни пиёдалар йўлакчаси, велойўлаклар, йўл тўсиқлари-ю ёриткичларнинг яхши ташкил этилмагани сабаб бўлган. Қолган 55 фоизи белгиланган тезликка амал қилмаслик, ҳайдовчининг тажрибасизлиги, оралиқ масофани сақламаслик, пиёдаларга йўл бермаслик ва шу каби сабаблар билан юз берган. 

Ушбу даврда авариялар асосан енгил машиналар иштирокида содир этилган. ЙТҲларнинг 65,7 фоизи кундуз пайтларида, ҳафтанинг пайшанба ва шанба кунлари кўпроқ юз берган. Бунда 35 ёшгача бўлган йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳиссаси энг кўп, яъни 70 фоиздан ортиқ. Пиёдани уриб юбориш, тўқнашув, ағдарилиш ва тўсиққа урилиш каби ҳолатлар 3 500 нафарга яқин эркаклар ва 100 дан ортиқ аёллар иштирокида юз берган.

“Мен учун шахсан эркак ҳайдовчи, аёл ҳайдовчи деган тушунчалар йўқ. Мен учун ҳайдовчи бор. Йўл имтиёзлар бермаган ҳеч кимга. Имтиёзни сўраб оламан, деганларнинг тақдири аянчли якун топган. Улар ҳозир орамизда йўқ”, — дейди Камолиддин Бахавадинов.

Бизга баландпарвоз гаплар эмас, хавфсиз йўллар, хавфсиз ҳаракат ва шу билан бирга тартиб-интизомли йўл ҳаракати иштирокчилари керак. Балки инсон ўлими билан боғлиқ аянчли рақамларда биз айбдор эмасдирмиз, лекин бундай ҳолатлар ҳақида айюҳаннос солиш, бу орқали келгусидаги шундай фожиаларнинг олдини олишга барчамиз масъулмиз.

Сардорбек Усмоний, журналист
Тасвирчи, монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид