Жамият | 10:51 / 08.01.2023
11558
2 дақиқада ўқилади

Бухоро мактабларида қишки таътил давомида тўгараклар ўтказилмайдиган бўлди

Kun.uz’да аномал совуқда ҳам Бухородаги мактаб ўқувчилари тўгаракларга жалб қилингани, қатнашувчиларнинг сурати ХТБ мутасаддиларига ташлаб берилиши талаб қилингани ҳақида хабар эълон қилинганди.

«Узайтирилган қишки таътил кунлари мактабларда ўқувчилар иштирокида тўгараклар ташкил этилмайди», деб маълум қилди Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси мақолага муносабат билдирар экан.

Вилоят халқ таълими бошқармаси (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси) муносабатига кўра, ўтган йилнинг 28 декабридан шу йил 10 январгача қишки таътилда мактабларда тўгаракларнинг фаолияти юқоридаги тартибда йўлга қўйилган бўлиб, бунда ҳеч қандай мажбурийликка йўл қўйилмаган.

«Айтиш жоизки, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг таътил давридаги бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида республикамиздаги барча мактабларда фан ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритади.

Одатда, мактабларда тўгараклар фаолиятини ихтиёрий тартибда йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, ўқувчиларга таътил мобайнида ўз қизиқишлари асосида шуғулланишлари учун имконият яратилади», дейилади расмий изоҳда.

Бошқарма 17 январгача узайтирилган қишки таътилда мактабларда ўқувчилар иштирокида тўгараклар ташкил этилмаслигини маълум қилди.

Хабарда ўқитувчилардан ҳисобот учун суратлар сўралгани, буни бажармаганларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши қандай баҳоланиши ҳақида сўз бормаган.

Мавзуга оид