Жаҳон | 08:59 / 11.01.2023
8036
2 дақиқада ўқилади

Покистон Украинага ўқ-дорилар етказиб беради

Покистондан Полша порти орқали Украинага артиллерия снарядлари ва бошқа ўқ-дорилар солинган 159 та контейнер келади. Илгари бу давлат Киевга тўғридан тўғри қурол етказиб бермас эди.

Фото: AFP

Покистон Россия агрессиясига қарши курашда Украинани қурол-яроғ билан таъминловчи давлатлардан бири бўлди. Ҳиндистоннинг энг йирик бизнес нашри The Economic Times 9 январь, душанба куни хабар беришича, Украина армияси учун 159 та контейнер ўқ-дорилар Покистоннинг Карачи порт шаҳридан Гданск порти орқали Украинага етказилади. Ушбу ўқ-дорилар орасида 155 мм артиллерия снарядлари (НАТОнинг умумий стандарти), улар учун ёқилғи зарядлари, шунингдек, М82 артиллерия капсулалари ва PDM портловчи қурилмалари қайд этилган.

Илгари Покистон Киевга тўғридан тўғри қурол етказиб бермаган, бироқ ўтган йилнинг август ойида Буюк Британия Покистоннинг Нур-Хон авиабазасидан Руминия орқали Украинага қурол ўтказган. The Economic Times ҳам Покистон қурол-яроғи етказиб беришнинг бир қисми Шарқий Европа давлатлари орқали амалга оширилганини ёзади.

Бунинг эвазига Украина Покистонга Ми-17 вертолёт паркини модернизация қилиш ва Т-80УД танкларини таъмирлашда ёрдам бериши керак бўлади. Покистон ва Украина қурол-яроғ етказиб бериш бўйича узоқ йиллик ҳамкорлардир: 1991-2020 йилларда улар умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик тегишли шартномаларни имзолаган.

Аввалроқ Financial Times газетаси Украина армиясида ўқ-дорилар тақчиллиги бўлиши мумкинлигини ёзганди – Украина Қуролли кучлари ҳар куни 4-7 мингта артиллерия ўқини сарфлайди. Шу билан бирга, стандарт 155 мм гаубица снаряди 800 доллар туради. Британия разведкаси Россияда урушни давом эттириш учун ўқ-дорилар тугаб бораётганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид