Репортаж: Андижоннинг қатор мактабларида 3-чорак совуқ хоналарда бошланди
Ҳаво кескин совиши сабаб қишки таътил 18 январгача деб белгиланган эди. Лекин 11 январдан аксарият ҳудудларда, хусусан Андижондаги мактабларда ҳам дарслар бошланиб кетди. Kun.uz мухбири Андижондаги мактабларда бўлиб, уларнинг қай даражада иссиқ эканини кўздан кечирди.
Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, фақат ўқув жараёнига тайёр ва иситиш тизимида муаммоси йўқ мактаблардагина дарслар бошланган. Лекин кузатувларимиз бундай эмаслигини кўрсатди.
Жумладан, Андижон шаҳридаги 50-мактабда ҳам 11 январ кунидан дарслар бошланган. Бироқ мактаб иситиш тизими қониқарли эмас.
Шаҳардаги 11-мактабнинг иситиш тизими деярли ишламаяпти. Хоналарга электр иситгичлар қўйиб олинган. Бироқ бу ҳам муассасанинг тўлиқ исишига ёрдам бера олмаган.
“Котёлларимиз кечаси билан ишлади. Иситишни эртароқ бошлаганимизда бундай муаммо бўлмасди. Ўқувчилар кўп келса, хоналар исиб кетади. Одатда бизнинг мактабимиз залигача иссиқ турарди. Давомат бўйича, синфлар орасида 8-9 тадан ўқувчи келганлари ҳам, 20дан ошиқ ўқувчи келганлари ҳам бор. Қаердан келишига ҳам боғлиқ”, – дейди 11-мактаб директор ўринбосари Малоҳат Дадабоева.
Андижон туманидаги 21-мактабда чироқ ўчгани сабабли хоналар совуқ. Чироқ ўчганига 2 соатдан ошган. Электр таъминоти тиклангач, яна шунча вақт ўтгачгина хоналар исиши мумкин.
Асака туманидаги мактабларда ўқиш 12 январдан бошланиши муносабати билан дарслар ўтказилмаган. Шунингдек, мактаблар директорларидан мактаблар қиш мавсумига тайёрлиги, иситиш тизимида муаммолар йўқлиги ва 12 январдан бошлаб дарс ўтишга шай экани ёзилган кафолат хатлари олинган. Бу хатлар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов номига ёзилмоқда.
Шаҳрихон туманининг иккита таълим муассасасида бўлган Kun.uz мухбири иситиш тизими қолганларга нисбатан яхши эканига гувоҳ бўлди. Бу мактаблар бир навбатли бўлиб, мухбир борган вақтда дарс жараёнлари якунига етган бўлган.
Ўрганиш давомида фақат саноқли мактаблардагина иситиш ҳолати қониқарли эканига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ярми ҳам келмаган. Юқоридагилардан кўринадики, вилоят мутасаддилари дарс жараёнларини бошлашга шошилган.
Абдували Қурбонов,
Жаҳонгир Турғунов
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024