Ўзбекистон | 18:26 / 12.01.2023
41517
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги 20 йилда қиш чилласи қандай бўлган?

Қаҳратон нималигини унутиб улгурган ўзбекистонликлар бу йил ҳақиқий қиш чилласига гувоҳ бўлмоқда. Йилларки, қиш ойларида асосан илиқ ҳарорат ҳукм суриб келаётганди. Сўнгги бор қачон қордан завқланганини ҳам кўпчилик эслолмаса керак. Kun.uz охирги 20 йилда энг илиқ ва энг совуқ келган мавсумларни таҳлил қилди.

Ўзбекистонда давом этаётган қорли-қировли кунларда ҳудудлардаги ҳароратлар ўртасидаги фарқ 7-10 даражани ташкил қиляпти. Шу сабабдан таҳлилимизни битта ҳудуд – Тошкент шаҳри мисолида кўриб чиқамиз.

Энг илиқ қиш чилласи. Диаграммадаги маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак (1-сурат), Ўзбекистон пойтахтида 2003, 2010 ҳамда 2016 йилларда январь ойининг ўртача ҳарорати кундузи +9, кечаси эса +5 даражада қайд этилиб, сўнгги 20 йилдаги энг илиқ қиш мавсуми бўлган.

Энг юқори ҳарорат эса 2003 йилда кундузи +15 (кечаси +11), 2010 йилда кундузи +18 (кечаси +14), 2016 йилда кундузи +19 (кечаси +14) даражагача кўтарилган. Бундан 2016 йил январини энг илиқ қиш чилласи дейиш мумкин. Ўша йили фақат бир кун 29 январь куни ҳарорат 0 ℃ даражадан тушган. Қолган 30 кун об-ҳаво мусбат даражада бўлган.

2016 йилдан кейинги йилларда ҳам 5-7 кунлик манфий даражали совуқ кунларни ҳисобга олмаганда, ҳатто 2019, 2022 йилларнинг 1-ойлиги давомида ҳарорат 31 кун ҳам 0 ℃ даражадан юқори бўлган.

Энг совуқ қиш. Графикдан кўриниб турибдики, энг совуқ ҳароратлар 2008, 2015 ва 2018 йилларда кузатилган. Бироқ 2015 ҳамда 2018 йилларнинг январида манфий даражали совуқ кунлар 5-6 кунгина кузатилган бўлса, 2008 йил бошидан бошланган қорли қиш совуғи ўша йилнинг февраль ойи ўрталарига қадар давом этган. Ҳали якунига етмаган бу йилги қиш чилласини ҳисобга олмаганда, сўнгги 20 йилликнинг энг совуқ январи ҳамон 2008 йил ҳисобида турибди.

Ўша йили республика ҳудудида ўртача ҳарорат 17-22 даража совуққача, баъзи жойларда 24-26 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларда 30-33 даражагача пасайган. Пойтахт Тошкентда эса минимал ҳарорат -17,4 даражани ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 12 январь ҳолатига кўра, энг қуйи ҳарорат Россиянинг Ёқутистон улуси, Оймякон қишлоғида (кундузи -51 ℃, кечаси -59 ℃), энг юқори ҳарорат эса Намибиянинг жанубий Карас вилоятидаги Бетани қишлоғида (кундузи +45 ℃, кечаси +21 ℃) кузатилмоқда.

Сардорбек Усмоний, журналист

Мавзуга оид