Ўзбекистон | 17:04 / 12.01.2023
4537
2 дақиқада ўқилади

Хоразм ва Қорақалпоғистонда ҳам дарслар 16 январдан бошланадиган бўлди

11 январ куни Хоразмда, 12 январ куни Қорақалпоғистонда мактаблар очилди. 12 январ куни ҳудуд раҳбарлари қарорни қайта кўриб чиқди ва ўқув жараёни бошланишини 16 январга қолдирди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳам ўқиш жараёнларини бекор қилиб, таътилни яна узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. 

«Вилоят ҳудудида кузатилаётган аномал совуқ ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини эътиборга олиб, Хоразм вилоятининг умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида 2023 йилнинг 13-14 январ кунлари қўшимча таътил берилишини маълум қиламиз.

Мактабларда дарс машғулотлари ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти 2023 йил 16 январдан бошланади», дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Аввалроқ вилоят халқ таълими бошқармаси 11 январ санасидан барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқиш жараёни бошланишини эълон қилганди. Бошқарма бу қарорни ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетмаслиги билан изоҳлаганди.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳам барча олий таълим муассасалари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларининг таътил вақтини 16 январгача узайтирди.

Қорақалпоғистонда дарслар 12 январдан бошланиши кўзда тутилганди.

Бундан олдинроқ Бухоро вилоятида ҳам мактабларда қишки таътил 16 январга қадар узайтирилгани маълум бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид