Жаҳон | 22:51 / 17.01.2023
9905
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги бойликнинг ярмидан кўпи 81 миллиардерга тегишли 

Oxfam хайрия ташкилоти ҳисоботига кўра, дунёдаги энг бадавлат 81 нафар кишининг умумий бойлиги жаҳон умумий бойлигининг ярмидан ошади. 

Фото: Getty Images

Охирги икки йил ичида дунёдаги энг бадавлат одамларнинг 1 фоизи ўз бойлигини 26 триллион долларга оширди, умумжаҳон кўрсаткичи эса 42 триллион долларга ошган. Яъни, Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида тақдим этилган ҳисоботга кўра, ўсишнинг учдан икки қисми энг бойлар ҳиссасига тўғри келган, қолган 99 фоиз аҳоли эса умумий ҳолда ўз бойлигини атиги 16 триллион долларга оширган. 

Бу энг бадавлат кишилар томонидан бойлик тўплаш суръати тезлашганидан далолат беради, деб қайд этади CNBC. 

Oxfam International ташкилоти бош директори Габриэла Бухер ўта бадавлат одамларни солиққа тортишни оширишга чақириб, бу «тенгсизликни камайтириш ва демократияни тиклаш учун зарур шарт» эканини айтди. Унинг фикрича, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар бутун дунёда давом этаётган инқирозларни енгишга ёрдам беради. 

«Ўта бой ва йирик корпорацияларни солиққа тортиш бугунги кунда кетма-кет келаётган инқироздан чиқиш йўлидир. Энг бой одамлар учун солиқларнинг камайиши уларнинг бойлиги бошқаларга қандайдир тарзда «оқиб ўтишига» сабаб бўлади деган афсонадан воз кечиш даври келди», деди Бухер. 

Oxfam ҳисоб-китобларига кўра, энг бадавлат 1 фоиз одамга дунё бойлигининг 45,6 фоизи тўғри келади, даромади энг паст 50 фоиз одамга эса атиги 0,75 фоиз. Охирги икки йил ичида миллиардерларнинг бойлиги кунига ўртача 2,7 миллиард долларга ошмоқда. Дунёнинг энг бой минг нафар одами орасида атиги 124 нафар аёл ва беш нафар қоратанли бор.

Oxfam дунёдаги энг бой одамлар деярли солиқ тўламаслигини таъкидламоқда. Масалан, тарихдаги энг бой одамлардан бири, электромобил ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси раҳбари Илон Маскнинг реал даромад солиғи ставкаси 3,2 фоизни ташкил этади. Бошқа энг бой одам Amazon раҳбари Жефф Безос 1 фоиздан кам ставкада солиқ тўлайди. 

Мавзуга оид