Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОТМда спорт бўйича ҳуқуқшуносларни тайёрлайдиган факультет очилади
"Спортчи ва тренерларнинг профессионал фаолияти давомида қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси ҳамда спорт турлари бўйича федерациялари (ассоциациялари)нинг:
спортчи ва тренерларнинг профессионал фаолияти давомида қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тегишли манфаатдор олий таълим муассасаларида алоҳида спорт ҳуқуқи йўналиши бўйича ҳуқуқшуносларни тайёрлайдиган факультет, кафедра ҳамда илмий тадқиқот марказларини ташкил қилиш;
спортда фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузишда спортчи ва тренерларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ифода этилишида, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда спортчи ва тренерларга кўмаклашиш, спортчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кадрлар таълими ва уларни тайёрлаш тизими ривожлантирилишини, спорт соҳасидаги ҳуқуқшуносларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этилишида иштирок этишни Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги вазифаларидан бири сифатида белгилаш;
спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш, мамлакат терма жамоаларини антидопинг жиҳатдан таъминлаш;
арбитраж судларида спорт низоларини кўриб чиқиш, спорт арбитражини ривожлантириш ҳақидаги таклифлари маъқулланади.
2023–2024 ўқув йилидан бошлаб спортчи ва тренерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда спорт ҳуқуқшунослари тайёрлаш муҳим эканлигини инобатга олиб, Тошкент давлат юридик университетида Юриспруденция (спорт ҳуқуқи) йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилсин.
Адлия вазирлиги ва Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликларининг Тошкент давлат юридик университетида Спорт ҳуқуқи ва халқаро спорт арбитражи факультетини ташкил қилиш ҳамда факультетнинг зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни юклаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади:
- спорт ҳуқуқи, шу жумладан халқаро спорт арбитражи ҳуқуқини чуқур ўрганиш, миллий ва япон, немис спорт ҳуқуқи ҳамда бошқа ривожланган хорижий давлатлар спорт ҳуқуқини тизимли ўрганиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш;
- Япония, Германия ва бошқа ривожланган хорижий давлатлар спорт ҳуқуқи ва ҳуқуқий тизимларининг қиёсий тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда халқаро спорт ҳуқуқи нормаларини имплементация қилиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- хорижий мамлакатлар спорт ҳуқуқи ва спорт арбитражларини қиёсий тадқиқ қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилари ва талабалари алмашинуви ҳамда стажировкаларни тизимли асосда ташкил этиш;
- конституциявий, фуқаролик, маъмурий, жиноят, жиноят-процессуал ва ҳуқуқнинг бошқа соҳаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш.
Факультет негизида хорижий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан спорт ҳуқуқи соҳасида қўшма тадқиқот, ўқув-таълим ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш бўйича майдон яратилади. Факультетдаги ўқув жараёнига хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари фаол жалб этилади.