Ўзбекистон | 18:24 / 17.01.2023
14974
2 дақиқада ўқилади

ОТМлардаги таътил муддатини ҳам ҳокимлар белгилайди

Бу ҳақда маълум қилган Олий таълим вазирлигига кўра, қишки таътил узайтирилиши муносабати билан талабалар поезд чипталарини бепул алмаштириши мумкин. Авиачипталар масаласига аниқлик киритилмади. Оралиқ ва якуний назоратлар бўлиб-бўлиб ўтказилиши мумкин, бунда барча талабаларга имконият берилади.

Фото: KUN.UZ

Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларга ўқув графикларини мослаштирган ҳолда амалга оширилади.

Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.

Назорат ишлари (оралиқ, якуний) таълим муассасалари томонидан белгиланадиган шаклларда босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. Бунда, барча талаба ва ўқувчиларга назорат ишларида иштирок этишларига имконият яратилади.

Шунингдек, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари учун қишки таътил муддати узайтирилиши муносабати билан темирйўл поездларига қўшимча жойлар сони янада кўпайтирилиб, харид қилинган йўл чипталари бепул алмаштириб берилади.

Бундан ташқари, тезюрар ва йўловчи поездларга чипталарнинг эконом синфи тарифи қийматидан 50 фоизли чегирма сотуви муддати ҳам узайтирилади.

Барча темирйўл кассаларида талаба-ўқувчилар аввал харид қилган чипталарини бошқа санага алмаштиришлари ёки таътил якунлангунига қадар чегирма билан сотиб олишлари мумкин бўлади.

Вазирлик ахборотида самолёт чипталари масаласига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, қишки таътилдан кейин олийгоҳларда дарслар 9 январдан бошланиши керак эди. Аввалига қаттиқ совуқ туфайли 18 январга кўчирилган биринчи ўқиш куни кейинчалик аксарият ҳудудларда 23 январ, душанбага сурилди.

Мавзуга оид