Жаҳон | 12:35 / 18.01.2023
36832
10 дақиқада ўқилади

Арестович феномени. Украина президенти девонидаги шов-шувли истеъфо ҳақида

17 январ куни Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович лавозимдан кетиш тўғрисида ариза ёзганини хабар қилди.

Фото: Getty Images

«Мен маданиятли хулқ-атворнинг намунасини кўрсатмоқчиман: жиддий хато қилиндими – демак истеъфога», – дея изоҳлади Арестович ўз қарорини ва ижтимоий тармоқларда аризасининг суратини илова қилди.

«Ўтган сафар мен кетганимда, бир ярим ой ўтиб уруш бошланганди. Кўрамиз, бу сафар нима бўларкин», – дея қўшимча қилган у постга.

Президент матбуот котиби Сергей Никифоровнинг сўзларига кўра, Украина президенти офиси аппарати раҳбари Мария Витушок Арестовични истеъфога чиқариш тўғрисидаги буйруқни имзолаган.

Бу шов-шувли истеъфо Арестовичнинг россияликлар ракетаси Днипродаги турар жой биносига келиб тушиши бўйича текширилмаган маълумотни баён қилгани билан боғлиқ.

Можаро

14 январ куни Алексей Арестович «Фейгин Live» YouTube-канали эфирида Днипродаги турар жой биносининг бир қисмини яксон қилган ракета Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани, кўп қаватли бино устига тушгани ва портлагани ҳақида айтганди.

Бу маълумот дарҳол Россия нашрлари томонидан кенг тарқатилди. Украинадаги кўпчиликнинг ҳисоблашича, шошмашошарлик билан эълон қилинган бу баёнот Россия пропагандаси фойдасига хизмат қилган.

Ҳатто Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Днипродаги вазиятни шарҳларкан, Арестовичнинг сўзларига ҳавола қилди.

Украина қуролли кучлари авиацияси қўмондонлиги тезлик билан Арестовичнинг сўзларини рад этди ва украиналик ҳарбийларда товуш тезлигида ҳаракатланувчи Х-22 ракетасини уриб тушириш имконияти йўқлигини билдирди. Буни ҳарбий экспертлар ҳам тасдиқлашди.

Шу туфайли Арестовичнинг баёноти ижтимоий тармоқларда қораланди ва президент офисидан уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш талаби билан чақириқлар янгради.

15 январ куни тушдан кейин Арестович ўзининг бу сўзларига яхши ухламаётгани ва маълумотни текшириш учун вақт бўлмаганини сабаб қилиб келтирди.

У бу ҳақда ўз телеграм-каналида ёзди. Аввалига Арестович узр сўраганди, кейин ўз узрини қайтариб олди.

«Йигитлар, мен шунчаки чарчадим. 320 кун давомида бошқа ишларга қўшимча равишда кечқурунги жонли трансляциялар, доимий уйқусизлик, доимий ахборот юкламалари, командировкалари. Кунига миллионлаб контактлар ва барчаси ... «ўта шошилинч ва «ўта муҳим» информациялар», – дея тушунтиради у ўзининг уруш давридаги ишлаш шароитини.

Арестовичнинг сўзларига кўра, у доимо олинган маълумотларни таҳлил қилишига тўғри келиши, бунинг учун унда ходимлар йўқлиги ва «ахборот ва амалий» жараёнларни ўз зиммасига олган.

«Мен Фейгин билан суҳбатдан олдин мураккаб ахборий тадбирни якунлагандим. Мен трансляциядан олдин шундай ҳолатда эдимки, йўлда мизғиб олиб, тилимни базўр қимирлатаётгандим», – дея изоҳлайди Арестович.

Днипродаги қутқарув амалиётининг юқоридан кўриниши. Бу Украинада ўтган йил июнидан буён фуқаролик объектига қилинган энг вайронкор ҳужум бўлди, ўшанда Кременчугдаги «Амстор» савдо марказига ракета келиб тушганида, Украина давлат фавқулодда вазиятлар хизмати 59 киши жабрлангани ва камида 20 киши ҳалок бўлгани, яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолгани ҳақида маълум қилганди.
Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images

16 январ куниёқ «Фейгин Live» эфирида у нима рўй бергани бўйича қўшимча версияни илгари сурди.

Унинг айтишича, унинг сўзлари «Медведчукнинг бот-фермаси», шунингдек украин мухолифати томонидан Украинага зарар етказиш мақсадида ишлатилган.

Арестович унинг лавозими ўз сўзлари бу қадар катта вазн босмайдиган ўта камтарона ва аҳамиятсиз эканини таъкидлаб, яна бир бор Днипродаги фожиада қурбон бўлганларнинг яқинларидан ўз сўзлари учун узр сўради.

Россияликларнинг Днипродаги турар жой биносига ракета зарбаси бериши оқибатида 45 киши ҳалок бўлиб, 70 дан ортиқ киши яраланди, 20 дан ортиқ киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда.

Арестович феномени

Святослав Хоменко, BBC

Фото: ВВС

Бу уруш давомида Алексей Арестович феномени ҳамон ўз тадқиқотчисини кутмоқда.

Фронтнинг икки томонида ҳам шундай кучли ва мутлақо қарама-қарши ҳис-туйғуларни уйғотадиган бошқа одамни топиш қийин. Уни бир вақтнинг ўзида ҳам соҳибкаромат, ҳам лўттибоз деб билишади, уни ҳам севишади, ҳам нафратланишади, уни ҳурмат билан тинглашади ва унинг фамилияси жуда ёқимсиз контекстларда умумий от сифатида ишлатилади.

Балки ҳақиқат Арестович чиндан ҳам бир вақтнинг ўзида шуларнинг барчаси эканидадир?

У президент Зеленский офисига Россиянинг Украинага босқинининг илк кунида келганди. Ўз манбаларимдан билишимча ўшанда офисда, юмшоқ қилиб айтганда асабий муҳит ҳукмрон эди. Офисдан ташқарида ҳам - ваҳимали ҳолатга яқин. Кўчаларда сиреналар, йирик шаҳарлардан чиқиш жойларида тирбандликлар, супермаркетларда улкан навбатлар. Аммо, бошқа томондан урушнинг илк соатларидаёқ украинлар россияликлар армиясини гуллар билан кутиб олмаслиги кундек равшан эди, фақат банкоматларга эмас, «военкомат»ларга ҳам узун навбатлар юзага келди.

Бу вазиятда президент жамоаси ҳокимият номидан, президент офисидан туриб миллионлаб украинларга оддий мессежларни етказиб берадиган овозга муҳтож эди. Ваҳима қилмасликка чақирадиган. Ҳокимият жойида эканини айтадиган. Россияликлар ўз феноменал муваффақиятлари ҳақида ёлғон гапираётгани, аслида украинлар қаршилик кўрсатаётгани, барчаси яхши бўлиши, Украина, эҳтимол жуда қисқа вақт ичида ғалаба қозониши, шу туфайли қўлларни туширмаслик ва ваҳима қилмаслик кераклигини айтадиган.

Интервьюларидан бирида Арестович урушнинг илк кунларида телевизор экранларидан айтган кўрсатмаларига ўзи ҳам тўлиқ ишонмаганини айтганди. Аммо бундай кенг кўламли урушни кутмаган Украина жамоатчилиги тинчлантирувчи воситага муҳтож эди. Ва Арестович бу функцияни моҳирона бажарди, бунинг натижасида у украинларнинг урушга алоқадор мифологиясида ўз ўрнини топди: катта урушнинг илк ойларида унинг портрети пиво банкаларида пайдо бўлди, унинг фамилияси ҳарбий қўшиқларда янгради, унинг образи ўнлаб, юзлаб мемларда кўрсатилди. Ижтимоий тармоқлар кўрсатишича, Арестович жамоатчилик ишончини қозонган етакчилардан бирига айланди. У шон-шуҳратга кўмилди.

Аммо вақт ўтиши билан украинларда тинчлантирувчи воситага эҳтиёж камайиб борди – уруш уларнинг ҳаётига жуда чуқур ўрнашди. Қолаверса, ҳукуматнинг коммуникация эҳтиёжлари ҳам ўзгарди – Арестович каби ёқимли бўлмаса ҳам, расмий маърузачилар томонидан фронтдаги воқеалар ҳақида хабардор қилиш тизими Украина қуролли кучлари томонидан қурила бошланди.

Арестович эса шундан кейин кўздан ғойиб бўлиб қолмади – аксинча, у ахборот маконида нисбатан «эркин сузиш»га кетди. Унинг Марк Фейгин каналидаги кечки эфирлари ҳамон бир ярим миллионгача кўрилмоқда.

Жамиятнинг фронтдан фақат яхши янгиликлар истеъмол қилишни истайдиган маълум қисми учун у худди гиёҳвандлик моддаси каби заруратга айланди.

Катта эҳтимол билан, Арестович Киевнинг рақибга қарши қаратилган ахборот қуроли сифатида ҳам муайян ролни ўйнаган: у эфирларининг катта қисмини рус тилида олиб боради ва унинг ижросидаги фронтдан ҳисоботлар каби россияликларни урушга боришдан қайтарадиган бошқа контент топиш қийин.

Аммо аста-секин Арестовичнинг эфирларига эътирозлар ҳам пайдо бўлди. Уни фронтдан маълумотлардан эксклюзив фойдаланиш ҳуқуқи йўқлиги ва шунчаки очиқ манбалардаги маълумотларни бадиийлаштиришда айблашди. Арестовични ёқтирмайдиганлар учун ўтган йил баҳорида уруш яна қанча давом этиши ҳақидаги саволга жавобан «Икки ҳафта, кўпи билан уч» дея жавоб қайтаргани унинг лаёқатсизлиги рамзи бўлди.

Унга етарлича ватанпарвар эмаслик важи билан эътирозлар билдирилади – у «яхши руслар»ни ҳимоя қилган ва келажакдаги Украинада рус тили бўлиши кераклиги бўйича фикр билдирганди. Шунингдек ўз иштирокидаги эфирлар монетизацияси учун ҳайп қилишда ва ноўрин сиёсий амбицияларда айблашади: Дмитро Гордонга берган интервюсида у маълум шароитларда президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлигини истисно этмаганди.

Кейин эса Днипро воқеаси содир бўлди. Унинг Победа соҳилидаги кўп қаватли уйга украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган ракета тушган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ибораси Россия пропагандаси томонидан «илиб кетилди» – бу вақтда эса ҳали фожиа қурбонларини харобалар остидан чиқариб олиш ишлари давом эттирилаётганди – натижада ҳатто унинг кечки чиқишлари мухлислари орасида ҳам жиддий норозилик уйғонди.

Арестовичнинг узр сўрашга уриниши ҳам беўхшов чиқди: эмишки, «эфирлардан чарчадим ва хато қилдим». Чинакамига чарчаганлар – Бахмутдаги украиналик аскарлар, сен эса тилингга эҳтиёт бўл, дея уни қоралашди.

Арестовичнинг хунини шунчалик қаттиқ талаб қилишдики, Зеленский жамоаси учун уни ўз даврасида сақлаб қолишдан келадиган зарар (лекин у шусиз ҳам Зеленскийнинг яқин кишилари қаторида эмасди) заҳарли бўлиб қолган бундай активнинг назарий фойдасидан кўпроқлиги аниқ эди. Бу Арестовичнинг истеъфо ҳақидаги баёноти кўринишини ҳам тушунтиради.

Бошқа томондан, президент офисининг собиқ маслаҳатчиси учун бу аризанинг имзоланиши амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. У эфирларда иштирок этишда ва ўз лойиҳаларини бошқа томондан юритишда давом этади. У аввалгидек кимдир учун кумир, бошқалар учун авантюрист – буни унинг истеъфо ҳақидаги постида қолдирилган изоҳлардан ҳам билиш мумкин.

Арестовичнинг ўзи ўтган йил январида бир қатор можаролардан кейин Минск музокаралар гуруҳида Украина делегацияси спикери лавозимидан истеъфога чиқишини эслагани ҳам шундан далолат беради: «Ўтган сафар, мен кетганимда, бир ярим ой ўтиб уруш бошланганди. Кўрамиз, бу сафар нима бўлар экан».

Мавзуга оид