Жаҳон | 09:33 / 18.01.2023
6283
2 дақиқада ўқилади

Боррел Беларус мухолифатига қарши репрессияларни қоралади

Беларусдаги репрессиялар «ҳар қандай мустақил овозни» ўчиришга қаратилган, деди Жозеп Боррел. Унинг таъкидлашича, ЕИ Лукашенко режимининг ҳаракатларини қоралайди.

Жозеп Боррел / Фото: AP

Лукашенко режимининг сиёсий репрессиялари «мисли кўрилмаган даражага» етди, деб маълум қилди 17 январь, сешанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. Беларусда Светлана Тихановская, Павел Латушко ва Беларус мухолифати Мувофиқлаштирувчи кенгашининг бошқа аъзолари устидан бошланган сиртдан суд жараёнига Европа дипломатияси раҳбари шундай муносабат билдирди.

Боррел бугун Беларусда 1440 дан ортиқ сиёсий маҳбус борлигини эслатди. Унинг сўзларига кўра, режим репрессив қонунларни қўллаш орқали беларусларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, Беларуснинг халқаро мажбуриятларини бузмоқда. «Европа Иттифоқи ҳар қандай мустақил овозни ўчиришга қаратилган бу шафқатсиз қатағонларни ва сиёсий сабабларга кўра ўтказилган судларни қоралайди», деб таъкидлади Жозеп Боррел.

17 январь куни Минскда 2020 йил августида бўлиб ўтган мунозарали президентлик сайловларидан сўнг ўзини мамлакат президенти деб эълон қилган Беларус мухолифати етакчиларидан бири Светлана Тихановская устидан сиртдан суд бошланди. Тихановская билан бирга мухолифатчилар Павел Латушко, Мария Мороз, Олга Ковалкова ва Сергей Дилевский айбланувчи сифатида судга чақирилди. Улар давлат ҳокимиятини конституцияга зид йўл билан эгаллаш мақсадида фитна уюштирганликда айбланмоқда.

Светлана Тихановская ўзининг сиртдан судланишини Беларус раҳбари Александр Лукашенко томонидан ўч олиш ва фарс деб атади. «Бу Лукашенко ва унинг тарафдорларининг шахсий қасоси, лекин фақат мендан эмас, балки унга қарши чиққан бошқа одамлардан ҳам», — деди сиёсатчи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид