Жамият | 18:08 / 18.01.2023
28070
8 дақиқада ўқилади

Руҳий зўриқишдаги ўзбек аёллари. Уларга психологик ёрдам борми?

Фарзандини калтаклаётган, ўзига қўшиб уларнинг ҳам жонига қасд қилаётган, бор жаҳли ва аламини боласидан олаётган аёллар. Афсуски, ижтимоий тармоқларда бундай нохуш ҳолатларга жуда кўп дуч келяпмиз. Давлат ва жамият бу муаммога қарши нима қилиши керак? Kun.uz'нинг навбатдаги подкасти шу мавзуда бўлди.

Айниқса ўтган 2022 йилда бундай воқеалар жуда кўпайган туюлди. Йил бошида Тошкент ҳайвонот боғида бир аёл ўз қизини айиқ олдига ташлаб юборди. Охиргиси Самарқандда аёл чет давлатдаги эрига жаҳл қилиб, боласини уриб видео олган ва уни эрига жўнатгани бўлди.

Ҳеч бир аёл ўз-ўзидан фарзандини бу ҳолга солмайди

Раъно Турдибоева, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари:

— Дарҳақиқат, бу ҳолатлар аёлларнинг кайфиятини билдиради. Бундай ҳолатлар ўнлаб учрайди. Биз ҳар бир ҳолатни ўрганиб кўрганимизда, сабаблар аёлнинг атрофидаги муҳитга тақаляпти. Ҳеч ким ўз-ўзидан фарзандини ёки ўзини бу ҳолга солмайди.

Шундай оилалар борки, бир қараганда, муаммоси йўқдек кўринади. Аммо аёлнинг ичида йиғилиб қолган муаммолар бўлади ва бир куни портлайди. Портлагач, у ўзининг бошқалар олдида ожизлигини ҳис қилади ва фақат боласига кучи етади, оқибатда бутун жамиятга бўлган аламини фарзандидан олади. Охирги бўлган Самарқанддаги ҳолатда ҳам ҳали ёш қизнинг тўртта, эрининг олдинги турмушидан фарзанди билан ҳисобланса бешта фарзанди бор, бу дегани у мактабни битирибоқ турмушга чиққан. Бирор касби йўқ. Шу ҳолатда эрига қарам, чидашга мажбур. Ажрашиб кетса, болаларини қандай боқишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам аёллар бу нохуш ҳолатларни охирги ечим деб биляпти.

Шу ўринда бир статистикани айтиб ўтмоқчиман. Вояга етмаган, яъни ўн саккиз ёшга тўлмаган қизларга нисбатан зўравонлик қилиш ҳолати 456 тани ташкил этади. Шуларнинг ярмидан кўпи эса оилавий зўравонлик. Бу маълумот қайд этилгани, холос, қанчадан қанчаси қайд этилмаган.

Баҳодир Қаҳҳоров, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи:

— Жиноят қилган инсонга жазо бор, албатта. Бу вазиятларда барча аёллар қонун доирасида жазоланган. Улардан қолган фарзандларига нисбатан қонун томондан йўналишлар белгиланган: яқин қариндошлар васийлигига ўтиши ёки васий тайинланиши. Мактаб ёшидаги бола бўлса, у билан мактаб психологи, мактаб ёшига етмаган бўлса, шифохоналардаги психологлар у билан шуғулланиши белгиланган.

Масалан ҳайвонот боғида боласини айиқ қафасига ташлаб юборган аёл мисолида қарасак, аслида ўша она билимли, олий маълумотли аёл экан. Лекин турмушга чиққач, оила аъзолари томонидан унинг ишлашига эътирозлар бўлгани, фарзанд тарбияси, уй ишларида кўмак бўлмагани учун вақт ўтиши билан аёл кучли стрессга тушиб борган. Унга нисбатан босимлар бўлгани, оила нотинчлиги ҳақида унинг онаси ҳам маълум қилди. Суд қарори билан аёл махсус руҳий касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Унинг фарзанди онасининг қўлида ҳозир. Давлат томонидан маълум ёрдамлар бериляпти, аммо у боланинг руҳий ҳолати билан ишлайдиганлар йўқ.

Бундай ҳолатларни назорат қиладиган, ёрдам берадиган бир тизим яратиш керак. Ва бу ишлар ўша болалар билан мунтазам равишда олиб борилиши керак.

Хотин-қизларга сифатли психологик ёрдам кўрсатиш тизими йўқ

Раъно Турдибоева:

— Бизни қийнаётган нарса ҳам шу: сифатли психологик хизмат кўрсатиш қаерда? Ҳозирда мактабларда психолог бор. Васийлик-ҳомийлик органлари психолог жалб қилиши мумкин. Ички ишлар органларида, реабилитация марказида биттадан психолог бор. Мамлакатимизда сифатли психологик хизмат кўрсатишни ким мувофиқлаштиради, деган савол бор. Муаммоли аёлларнинг 90 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож. Улар психолог хизматидан фойдалана олмайди. Малакали психолог хизмати учун маблағ керак бизга, бюджетдан эса ажратилмаяпти.

Биз аёлларга ёрдам кўрсатиш учун психолог штатлари сўраяпмиз. Яъни қандай: оилалар ва аёллар муаммолари билан ишлаш учун лойиҳалар эълон қилганда, биз эксперт сифатида қатнашиб, ўша аёллар муаммоларини таҳлил қилишни сўраяпмиз. Нодавлат-нотижорат ташкилотлар лойиҳа олишдан олдин биз билан ишласа, биз уларга аниқ кўрсатмалар берамиз. Бундан ташқари грант лойиҳаларга ўз мавзуларимизни бериш таклифи. Иккинчи таклифимиз: қўмита қошида психологлар кенгаши ташкил этиб, мавжуд муаммоларни ўрганган ҳолда, уларни ҳукуматга киритиш. Бунда ҳеч қандай маблағ сўралмайди, текинга ишлаш. Аммо қонунчилигимизда психологларга қўйилган талаблар билан ишлайдиган бирорта ҳам норматив ҳужжат йўқ экан.

Ёшларнинг турмушга тайёргарлиги – оқ кўйлак, фалон тўйхонада тўй қилишдан иборат

Шоира Исоқова, психолог:

— Самарқанддаги ҳолатга қайтсак. Мен бунда аёлни айбламайман, чунки унинг бешта фарзанди бор. Бу фарзандларни дунёга келтирганда, тарбиялашда аёл қанча куч йўқотади. Бизда фарзандларнинг ёш оралиғини режалаштириш йўқ. Фарзанд кўрадиган аёлнинг руҳий ва жисмоний соғломлиги – буларнинг ҳаммаси муҳим.

Келадиган мурожаатларнинг кўпида аёллар асабийман дейди. Нимага? Чунки аёл киши табиатан кучли эмас, у меҳрга, эътиборга муҳтож. Юқоридаги ҳолатда ҳам бешта фарзандга қараш бутунлай битта аёл зиммасида. Атрофида унга моддий, руҳий томондан кўмаклашадиган ҳеч ким йўқ. Аёл кишига турмуш ўртоғи томонидан бериладиган меҳр ва эътибор биринчи ўринда туради. Умуман, биз ёшларни оила нима эканини англамасидан ҳаётга қўйиб юборяпмиз.

Биз кичиклигидан бошлаб оила ҳақидаги илмини бола онгига сингдиришимиз керак. Мактаб давридан ўргатиш керак. Мен бу борада таклифлар берганман. Лекин ҳамма нарса молиявий томонга бориб тақалади. Тўғри, катта маблағ бўлиши мумкин, лекин бу ўзини оқлайди. Нафақат қизлар, балки йигитлар худди шундай ақлли танлов қиладиган бўлиши керак. Ажримлар кўп бўлаётганининг сабабларидан бири ҳам шу, яъни фақатгина ота-она танлови бўлиши. Бу борада тегишли ташкилот-вазирликлар ўйлаб кўриши керак. Оиланинг бутун жамиятга таъсири бор.

Ёшлар тўй арафасида қабулимга келса, тўйга қандай тайёргарлик кўраётганини сўрайман. Улар фақат моддий томонларни айтишади: қайси тўйхонада бўлиши, қандай кўйлак кийиши каби. Булар орзу-ҳавасдир, тўғри. Лекин ундан кейинги жараёнлар-чи?

Йигитларда масъулият ҳиссини кучайтириш керак. Оилада мувозанатни ушлай олиши керак эрлар. Шундай ҳолатлар борки, эркаклар онаси тазйиқи остида хотинига зўравонлик қиляпти. Бу хато қараш. Онанинг даражаси юқори, лекин фарзандлари онаси сифатида хотинининг ҳам даражаси баланд. Бу икки аёлни таққослаш – хато. Уларнинг ўз ўрни бор. Бундай ҳолатларда фарзандлар руҳияти ҳам зарар кўради, албатта.

Раъно Турдибоева:

— Ҳар бир туманда реабилитация марказининг маслаҳат бўлимларини очяпмиз. Аёллар оиламиздаги нохуш ҳолатларда ўзига ёки яқинларига зарар етказмасдан, шу реабилитация марказига келиши керак.

Кенг жамоатчиликка етиб бориши учун айтиб ўтмоқчиман. Ҳурматли аёллар, сизнинг мурожаат қиладиган жойингиз бор. 1146 қисқа рақами орқали реабилитация марказларига мурожаат қилишингиз мумкин. Ёки жойлардаги хотин-қизлар фаолларига айтишса, улар ёрдам беришади. Фақат шу мурожаат қилиш мумкинлигини билиб қўйишингиз керак.

Суҳбатни Гулмира Тошниёзова олиб борди.

Мавзуга оид