Ўзбекистон | 14:51 / 21.01.2023
58114
4 дақиқада ўқилади

Прокурор ва қори куралмаган мактаб – айбдор прокурорми ёки тизим?

Фото: Прокуратура ахборот хизмати

Видеони кўриб яна бир бор ғазабландик, кимдир сўкинди. Аммо манзарага юқорироқдан қарасак... Гап прокурордами? Ундан айнан мана шу нарсалар талаб қилинса, у нима қилиши керак эди? Келинг, масаланинг бу томонига назар ташлайлик.

Ўзбекистон прокурорларга юкланган ва юкланаётган вазифалар бўйича ғоят ноёб мамлакат ҳисобланади. Ҳатто давлатнинг бош мафкуравий тарғиботчиси бўлган “Ахборот” кўрсатувида прокурорнинг ер ҳайдаб кетаётган трактор ортидан темир асбоб кўтариб, ҳайдов чуқурлигини ўлчаётгани акс этган лавҳа кўрсатилганди. Бу лавҳани чет эллик кимдир кўрса, мияси ғовлаб кетади: прокурор ва фермернинг даласидаги ишлар – бу иккисининг бир-бирига нима алоқаси бор?

-hikH1hL02GgxXXGWbBSEJbz3suSIRNB.jpg (1280×720)
Фото: Прокуратура ахборот хизмати
Фото: Прокуратура ахборот хизмати
sQyeqfKbVSk1JS8qpFgXzJDt3RG0xbal.jpg (1280×960)
Фото: Прокуратура ахборот хизмати
Фото: Прокуратура ахборот хизмати
Фото: Прокуратура ахборот хизмати
SNu9X7g5haKU3a0XeTi8Av2OiprKipEP.jpg (1280×853)
Фото: Прокуратура ахборот хизмати
Фото: Прокуратура ахборот хизмати

Ангрендаги ҳолат. Прокурор мактабга ўзича бормагани аниқ: у сектор раҳбари ҳисобланади ва бошқа сектор раҳбарлари билан юрибди. Ўзидан талаб қилинган вазифани бажараётгани ҳам аён, чунки эртага кимдир шу мактабни текширса, бошида калтак синади. Ҳа, у “ўтказиб юборди”, сўз танламади, аммо у шунга ўрганган ва видеоси тарқалиб кетиб, “қаҳрамон”га айланишини ўйламаган.

Ҳа, ўқитувчиларни турли ишларга жалб қилишнинг ўзи қонунга зид ва қор кураш ўқитувчининг бевосита вазифасига кирмайди, прокурор қор курашни ўқитувчидан талаб қилгани ҳам баҳсли. Аммо мавжуд ҳолатда: тизим йўлга қўйилмаган, вазифалар белгиланмаган, гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, ислоҳ қилинмаган “тизим”да... “қорни” ким “курасин”?..

Ҳокимият марказий кўчаларни-да эплай олмаяпти, маҳалланинг мингта ташвиши бор, лекин ишчи кучи йўқ. Болаларни жалб қилиш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас.

Бундай пайтда “қўл бошқаруви” ишга тушади-да... Бошқа на илож? Бир томондан “шанбалик, ҳашар” деган тушунчаларни ёмонладик. Иккинчи томондан вазифаларни тартибга келтирувчи ислоҳотларни бошламаяпмиз. Натижада “қор куралмай қоляпти”...  “Қорда йиқилиб, бошни ёриш” қолди...

Натижада турли маъмурий “прокурор”ларнинг дўқ-пўписасига кунимиз қолди...

Мавжуд тизим – “юқори талаб қилди” бўлиб қолди... Кор-ҳол юз берса, тўрт сектор жавобгар бўлади: “давлат қаёққа қараяпти?!” Кейин “прокурор қаҳрамон бўлади”... Бош берк кўча... 

Видео тарқалгандан кейин мактаб тезкорлик билан қордан тозаланган. Резонанс кўтарилганидан, жамоатчилик норозилиги туғилганидан кейин прокуратура ўз ходимини мактабга олиб бориб, оммавий узр сўратган, “мана у – айбдор, кўриб қўйинглар!”... 

Видеода прокурор ўқитувчилар ишга келмаганини гапирди. Соғлом ақл буни ҳам инкор этади – таълим тизими ўз-ўзини назорат қилиши керак. Аммо тизим ишламагандан кейин, “прокурорлар” ўртага чиқади...  

Хулоса шуки, мантиқ тарозисига солинганда, кўраётган манзарамиз – ғайритабиий, аммо мантиқсизлик ҳолатимиз моҳиятига айлангани боис – табиий.

Ҳар қандай шаҳар, туманга борманг, прокуратура ходимлари ақлга сиғмайдиган ишларга аралашиб юришибди. Аммо кўпинча буни ўзлари истаб қилаётгани йўқ.  

Аброр Зоҳидов

P.S.: Муаллиф ва таҳририят нуқтаи назари фарқланиши мумкин. Мақола прокурорларни оқлаш учун эмас, умумий вазиятга холисона баҳо бериш мақсадида эълон қилинди.

Мавзуга оид