Жаҳон | 09:43 / 23.01.2023
12557
3 дақиқада ўқилади

NYT: Испанияда бомба юбориш ҳолатлари ортида "ГРУ" турган бўлиши мумкин

Терговчиларнинг фикрича, Россия Бош разведка бошқармаси ходимлари Испанияда бомба тарқатилишини назорат қилган бўлишлари мумкин.

Фото: AFP

Испания ва халқаро терговчиларнинг фикрича, 2022 йил охирида Испанияда бомбалар солинган хатлар тарқатилиши ортида Россия Қуролли кучлари Бош разведка бошқармаси ходимлари туриши мумкин. Бу ҳақда 22 январь, якшанба куни АҚШ расмийларига таяниб, The New York Times нашри ёзмоқда.

Сўнгги ҳафталарда тергов асосий эътиборни Европа бўйлаб шериклари бўлган Россиянинг ўта ўнг гуруҳи "Россия императорлик ҳаракати"га қаратган. Ҳаракат АҚШ Давлат департаменти томонидан глобал террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. NYT маълумотларига кўра, "Россия императорлик ҳаракати"нинг асосий аъзолари Испанияда бўлган ва мамлакат полицияси уларнинг ўта ўнг испан ташкилотлари билан алоқаларини аниқлаган. "Россия императорлик ҳаракати" билан алоқадор одамлар томонидан хатларни тарқатиш "ГРУ" томонидан мувофиқлаштирилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди тергов.

АҚШ расмийлари Испаниядаги амалиётда "ГРУ"нинг 161-сонли нуфузли махсус бўлинмаси зобитлари иштирок этган деб гумон қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари аввалроқ бу ҳарбий қисмни «Европани беқарорлаштириш» фаолияти билан боғлаган эди. Испаниялик терговчилар бомба жўнатишга алоқадор деб ҳисоблаган «шахслар»ни аниқлашди, деди газетага АҚШнинг юқори мартабали расмийси.

NYT суҳбатдошларига кўра, тергов ҳали бомба жўнатиш Кремль томонидан рухсат этилгани белгиларини топмаган. «Москва Европада кенг кўламли ҳужумлар ва саботажларни бошлашга тайёр эканлигидан дарак йўқ. Россия расмийларининг фикрича, бу НАТО жавобини келтириб чиқариши ва катта харажат эвазига кенгроқ можарога олиб келиши мумкин», - деб ёзади нашр АҚШ ва НАТО расмийларига таяниб. NYT манбаларига кўра, «агар Россия Украинада жиддий муваффақиятсизликларга дучор бўлишда давом этса, Путиннинг терактлар ҳақидаги ҳисоб-китоби ўзгариши мумкин».

Ўтган йилнинг ноябри ва декабрь ойининг бошларида Испанияда портловчи мосламалар солинган жами олтита пакет жўнатилган эди. Улар, жумладан, мамлакат бош вазири қароргоҳига, Мудофаа вазирлигига, қурол ишлаб чиқарувчи корхонага, Украина ва АҚШ элчихоналарига етказилган. Натижада Мадриддаги Украина дипломатик миссияси ходими пакетни очиш вақтида жароҳат олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид