Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламент Беларусда мухолифатчилар устидан суд жараёнларини қоралади
Парламент аъзолари Европа Иттифоқини Беларус мухолифатчиларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бузилишида масъул бўлган Беларус расмийларига қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди.
23 январь, душанба куни Европарламент депутатлари Беларусда фуқаролик жамияти арбоблари устидан «сиёсий сабабларга кўра суд жараёнларини» қоралади. Қўшма баёнотда, хусусан, Беларус мухолифати етакчиларидан бири Светлана Тихановская, шунингдек, мувофиқлаштирувчи кенгаш вакиллари Мария Дамоз, Олга Ковалкова, Павел Латушко ва Сергей Дилевский устидан ўтган ҳафта бошланган сиртдан суд жараёни ҳақида сўз боради. Улар «нафрат қўзғаш» ва «экстремистик гуруҳ» тузишда айбланмоқда.
«Бешалови ҳам сайловдаги фирибгарлик ва Александр Лукашенконинг мағлубиятни тан олиш, ҳокимиятдан воз кечишдан бош тортиши сабаб бўлган оммавий норозилик намойишларини бостириш пайтида мамлакатдан чиқиб кетишди», дейилади Беларус билан алоқалар бўйича парламент делегацияси раҳбари Юозас Олекас ҳамда Европа Парламентининг Беларус бўйича доимий маърузачиси Пятрас Ауштрявичюс имзолаган ҳужжатда.
Бундан ташқари, баёнотда Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Алес Беляцкий ва у яратган «Весна» инсон ҳуқуқлари марказининг икки ходими Валентин Стефанович ҳамда Владимир Лабкович, шунингдек, журналист ва Беларусдаги Поляклар иттифоқи фаоли Анжей Почобут устидан суд жараёнлари ҳақида сўз боради.
«Шубҳасиз, бу уйдирма даъволар қўрқув уйғотишга, мустақил овозларни ўчиришга ва Беларусда ҳақиқий сиёсий мунозаралар учун қолган барча майдонларни ёпишга қаратилган», — дея таъкидлади ҳужжат муаллифлари.
Улар Европа Иттифоқини Беларус мухолифатини «мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам» қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, шунингдек, Беларусда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Беларус томонининг Россиянинг Украинага қарши тажовузидаги иштироки учун масъул бўлган амалдорларга қарши янги санкциялар жорий этишга чақиришди.
Минскда 17 январь куни Светлана Тихановская ва Беларус мухолифатининг яна тўрт вакили устидан сиртдан суд бошланди. Уларнинг барчаси давлат ҳокимиятини конституцияга зид йўл билан эгаллаб олиш мақсадида фитна уюштириш, экстремистик тузилма тузиш ҳамда унга раҳбарлик қилиш, оммавий равишда санкцияларга чақириш, ижтимоий нафрат ва низо қўзғатишда айбланмоқда.
Тихановская бу жараённи Беларус раҳбари Александр Лукашенко томонидан фарс ва қасос деб атади. «Бу суд жараёнлари умуман суд эмас. Бу шоу, фарс ва бунинг адолатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу Лукашенко, унинг ёрдамчиларининг шахсий қасоси - нафақат менга, балки унга қарши чиққан бошқа одамларга ҳам», - деди у.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, Беларусда сиёсий маҳбуслар сони деярли 1500 кишига етган. Шу билан бирга, Европарламент баёнотида қайд этилишича, уларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин, чунки кўплаб жабрланувчилар кейинги таъқиблардан қўрқиб, ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилмайди.
Мавзуга оид
12:14 / 24.05.2025
Ғойиб бўлган Беларус мухолифат спикери махсус хизматлар билан алоқада гумонланяпти
19:20 / 19.05.2025
Литва Беларус устидан БМТ Халқаро судига даъво киритди
20:28 / 07.05.2025
Лукашенко 8 минг маҳкумга амнистия қўллаш тўғрисидаги қонунни имзолади
10:14 / 01.05.2025