Жаҳон | 10:05 / 26.01.2023
7291
3 дақиқада ўқилади

Хабек: Германия 2023 йилда рецессиядан қочишга муваффақ бўлади

Германия ҳукумати 2023 йил учун иқтисодий прогнозини яхшилади ва инфляциянинг секинлашишини, шунингдек, энергия нархининг пасайишини кутмоқда.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия иқтисодиёти 2023 йилда рецессияга тушмайди - бу ҳақда ҳукуматнинг 25 январь, чоршанба куни тақдим этилган йиллик ҳисоботида айтилган. «Оғир иқтисодий инқирознинг олди олинди», деди Германия вице-канцлери Роберт Хабек, у федерал иқтисодиёт вазири лавозимини эгаллайди. Берлин ҳукуматининг ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Германия иқтисодиёти илгари ўйланганидан анча яхши ривожланади. 2023 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 0,2 фоизга ўсиши кутилмоқда, кузда хавотир бўлганидек - 0,4 фоизга тушмайди.

Ҳукумат ҳисоботига кўра, жорий йилда инфляция пасаяди - ҳукумат уни 6,0 фоиз деб прогноз қилмоқда, 2022 йилда истеъмол нархлари ўртача 7,9 фоизга ошган. Хабек, шунингдек, энергия нархининг пасайиши ҳам кутилаётганини таъкидлади. Бу жаҳон бозорида улар қийматининг пасайиши, немис газ омборларининг ҳозирги яхши тўлдирилиши, шунингдек, Россия газига суюлтирилган газ каби альтернатива мавжудлиги билан боғлиқ.

Роберт Хабекнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши ва энергия нархининг ошишига қарамай, Германия иқтисодиётидаги «энг ёмон сценарий»дан, жумладан, компаниялар ва уй хўжаликларига федерал ҳукумат томонидан кўрсатилган кенг кўламли ёрдам туфайли қутулган. Шу билан бирга, Молия вазирлиги раҳбари таъкидлаганидек, инқирозни бошқариш мумкин бўлган бўлса-да, бу охири эмас.

Ўз навбатида, Германия канцлери Олаф Шольц Бундестагда чиқиш қилар экан, унинг ҳукумати иқтисодий инқирозни «тугатганини» айтди. «Ақлдан озган куз» ёки «ақлдан озган қиш» ёхуд шунга ўхшаш бошқа нарса бўлмади, деди Шольц.

Айни пайтда унинг ўринбосари Роберт Хабек Германия иқтисодиёти ҳали ҳам ишчи кучига жуда муҳтож эканини таъкидлади. Унга кўра, ҳозирда меҳнат бозорида 800 мингга яқин бўш иш ўрни мавжуд. Хабек ички салоҳиятдан яхшироқ фойдаланиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни давом эттиришга чақирди. Бундан ташқари, хориждан жалб этилаётган мутахассислар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид