Ўзбекистон | 18:33 / 29.01.2023
9370
2 дақиқада ўқилади

Azal авиакомпанияси Бокудан Урганчга парвозларни бошлади

Azal компанияси Бокудан Урганчга парвозларни йўлга қўйди. Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилади. Урганч ушбу авиаташувчи парвоз қила бошлаган Тошкент, Самарқанд ва Фарғонадан кейинги тўртинчи шаҳар бўлди.

Фото: Uzbekistan Airports матбуот хизмати

28 январ куни соат 22:33 да Озарбайжоннинг Azal авиакомпанияси самолёти Урганчга келиб қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар бермоқда.

Боку–Урганч–Боку янги парвоз йўналишини очган, бортида 99 нафар йўловчиси бўлган Airbus А319 самолёти анъанага кўра кутиб олинди. Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта – шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Урганч Ўзбекистоннинг Azal йўналишлар тармоғидаги тўртинчи шаҳрига айланди. Ҳозирги вақтда авиакомпания Бокудан Тошкентга (душанба, чоршанба, шанба ва якшанба), Самарқанд (сешанба ва жума кунлари) ва Фарғонага (пайшанба кунлари) ҳам қатновларни амалга оширмоқда. 

Урганч–Боку ва Боку–Урганч йўналишидаги авиақатнов чипталари нархи 184 доллардан бошланади ва авиакомпания сайтида сотилмоқда. 

1992 йилда ташкил этилган Озарбайжон ҳаво йўллари (Azal) авиакомпанияси йирик авиаташувчи бўлиб, Boeing ва Airbus самолётларининг замонавий паркига эга бўлган МДҲ мамлакатлари авиация ҳамжамиятидаги етакчилардан бири ҳисобланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид