Эроннинг стратегик объектларига ҳужум қилинди
Исроил ушбу мамлакат ҳудудида ҳарбий амалиёт бошлагани айтилмоқда.
Якшанбага ўтар кечаси Эрондаги ҳарбий инфратузилма объектларида давомли портлашлар рўй берди.
IRNA агентлиги хабарига кўра, Эрон шимоли-ғарбидаги Шарқий Озарбойжон вилоятидаги Азаршаҳрда мотор мойлари ишлаб чиқариладиган йирик завод ёниб кетган. Бу регион шу куни 5,9 балли зилзила қайд этилиб, 2 киши ҳалок бўлган ва 580 киши жабрланган Ғарбий Озарбойжон вилояти билан чегарадош ҳисобланади.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор саналган Fars агентлигига кўра, Шарқий Озарбойжон вилояти маркази бўлмиш Табриз шаҳри атрофидаги корхонада ёнғин рўй берган.
Tasnim янгиликлар агентлиги хабар қилишича, мамлакат марказий қисмидаги Исфаҳон провинциясида жойлашган ўқ-дори ишлаб чиқариладиган ҳарбий завод ҳам дронлар ҳужумига учраган.
Шунингдек Эрон ғарбидаги Дизфул шаҳридаги авиабазада портлаш рўй берган, мамлакат ғарбидаги Ҳамадон ҳамда мамлакат шимолидаги Ришт шаҳрида портлаш ва ёнғинлар кузатилгани хабар қилинган.
Теҳронда ҳам портлаш овозларини эшитишган, маҳаллий аҳоли маълумотига кўра, ҳукумат биноларига ҳужумлар уюштирилган. Гувоҳлар хабар қилишича, Эрон пойтахти осмонига қирувчи самолётлар кўтарилган.
Айни вақтда қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Эрон мудофаа вазирлиги Исфаҳондаги ўқ-дори ишлаб чиқариладиган заводга дронлар томонидан ҳужум қилинганини тасдиқлади.
«2023 йил 28 январ куни соат 23:30 атрофида мудофаа марказларидан бирига дронлардан фойдаланган ҳолда муваффақиятсиз ҳужум уюштирилди. Улардан бири ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилди, бошқа иккиси мудофаа қопқонларига тушиб қолди ва портлаб кетди», дейилади вазирлик баёнотида.
Эронлик ҳарбийларга кўра, бино томи «бироз шикастланган».
Британия мудофаа тадқиқотлари институтига (RUSI) кўра, Исфаҳон яқинида Shahed Aviation Industries корхонаси жойлашган, бу ерда ишлаб чиқариладиган Shahed 131/136 дронлари Россия томонидан Украина ҳудудида қўлланмоқда.
Эрон ҳукумати мамлакат ҳарбий объектига айнан қайси мамлакат дронлари ҳужум қилганига аниқлик киритмаган.
Исфаҳон - шу номдаги вилоят маркази бўлиб, Теҳрондан 330 километр жанубда жойлашган.
Al Arabiya телеканали хабарига кўра, Исроил Эрон ҳарбий саноатини йўқ қилиш учун ушбу мамлакат ҳудудида махсус ҳарбий амалиёт бошлаган.
Исроил томони бу хабар юзасидан муносабат билдирмади.
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняху ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
14:54 / 22.11.2024