Ўзбекистон | 00:48 / 29.01.2023
14856
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда топилган айиқ боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди

Нимжон жонивор ҳайвонот боғидаги реабилитация марказига ўтказилди.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги «Узун» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида топилган қўнғир айиқ боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

Ҳайвонот боғи маъмуриятининг қайд этишича, очлик сабабли айиқчанинг ҳаёти хавф остида бўлган.

«Кичкинтойнинг вазни жуда оз. Айиқлар, одатда қишки уйқуга кетишдан олдин, кўкламга етиб олишга имкон берувчи қалин ёғ қатламини тўплаши лозим экани инобатга олинса, айиқча омон қолмаслиги мумкин эди», дейилади хабарда.

Шу сабаб жонивор реабилитация марказига ўтказилган ва мутахассислар назоратига олинган. Унга қулайлик яратиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

24 январ куни «Узун» давлат ўрмон хўжалигида топилган айиқча ўрмон хўжалигида вақтинчалик сақлаб турилган эди. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Тян-Шан қўнғир айиғи боласи адашиб қолиш оқибатида онасидан ажралгани тахмин қилинди. Ўрмон хўжалиги ходимлари баҳор келиши билан айиқчани табиат бағрига қўйиб юбориш режалаштирилаётгани айтилган эди. 

Мавзуга оид