Жаҳон | 11:32 / 30.01.2023
8803
3 дақиқада ўқилади

Полшада уруш фонида армиядаги хизматга қизиқиш ортди

2022 йилда Полша Қуролли кучларига мажбурий ҳарбий хизмат бекор қилинганидан бери рекорд даражадаги одам ёзилди.

Фото: notesfrompoland

Россиянинг Украинадаги кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари фонида Полшада фуқароларнинг армияда хизмат қилишга қизиқиши ортди. 2022 йилда мамлакат Қуролли кучлари 13 742 нафар янги хизматчини ёллаш имкониятига эга бўлди - бу 2008 йилда Полшада мажбурий ҳарбий хизмат бекор қилинганидан бери рекорд кўрсаткичдир, деди 28 январь куни мудофаа вазири Мариуш Блашчак.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил бошида Полша Қуролли кучларида 164 минг аскар, шу жумладан 36 минг кўнгилли ҳудудий мудофаа бўлинмалари аъзолари бор. 

Варшава келгуси йилларда мамлакатда ҳарбий соҳа ходимлари сони янада кўпайишини кутмоқда - 250 минггача профессионал аскарлар ва 50 000 га яқин ҳудудий мудофаа бўлинмалари кўнгиллилари. Полшада 2022 йилнинг кузидан бошлаб ҳамма учун бир кунлик бошланғич ҳарбий тайёргарлик курслари ўтказилмоқда. 

Украинада уруш бошланганидан бери Полша расмийлари Кремл амбициялари Европа ва Полша учун хавф туғдираётганини бир неча бор таъкидлаган. Шу тариқа, мамлакат шимоли-шарқидаги, Беларус билан чегарадош Подляск воеводелигида янги ҳарбий қисм - Легионларнинг биринчи пиёда дивизияси ташкил этилди. Блашчак унинг зарурлигини Полша шарқий чегарасидан ташқарида вазир «ёвуз империя» деб атаган «Россия империясини тиклашга уриниш» борлиги билан изоҳлади.

Бунгача Полша Сейми Россия Федерациясини терроризмнинг ҳомийси деб тан олган ва Полша Яқин Шарқдан ноқонуний муҳожирлар оқимига қарши курашиш мақсадида Калининград вилояти билан чегарада сим тўсиқ ўрнатган эди. 

Бундан ташқари, 2022 йилда Полша ўз Қуролли кучларини техник жиҳатдан сезиларли даражада мустаҳкамлаш ниятини эълон қилди - бунинг учун мамлакат Жанубий Корея билан ҳар хил турдаги қуролларни етказиб бериш бўйича шартнома тузди, бу Сеулнинг тарихдаги энг йирик ҳарбий экспорт битимига айланди. 

Ноябрь ойи охирида мудофаа вазири Берлиннинг Patriot ҳаво мудофаа тизимларини Полшага топшириш ва Полша ҳаво ҳудудини Германиянинг Eurofighter қирувчи самолётлари билан ҳимоя қилиш таклифига ижобий муносабат билдирди. 

Полша ҳукумати томонидан Германия сиёсати бўйича ижобий фикрлар ГФР қурол-яроғларни «айланма тартибда етказиб бериш» бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганидан кейин камайди. Уларга кўра, Варшава Киевга 200 тага яқин совет типидаги танкларни топширган ва бунинг эвазига немис танкларини олиши керак эди, бироқ Германия келишувнинг ўз қисмини бажаришда қийналган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид