Жаҳон | 11:58 / 01.02.2023
20711
8 дақиқада ўқилади

Украина Ғарбдан қирувчи самолётлар сўрамоқда. Айрим давлатлар бунга қарши эмас

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий НАТОнинг бошқа мамлакатлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда тегишли қарор қабул қилинса, унинг мамлакати Украинага F-16 қирувчи самолётлари етказиб бериши мумкинлигини истисно этмади; Киевга қирувчи самолётлар етказиб бериш имконияти ҳақида Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам гапирган. Сўнгги кунларда Украина ҳукумати вакиллари Ғарбдаги иттифоқчиларнинг кейинги муҳим қадами Украина қуролли кучлари учун ҳарбий самолётлар етказиб бериш бўлиши кераклиги ҳақида айтишмоқда.

Фото: AFP

Ғарбда бу масалада ҳозирча якдиллик йўқ: душанба куни АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермоқчи эмаслигини айтди, Германия канцлери Олаф Шолц эса дам олиш кунларида бу мавзудаги гаплар жиддий эмаслигини билдирганди.

Журналистларнинг Варшава Украинага F-16 қирувчиларини юбориши эҳтимоли қанчалик экани ҳақидаги саволига жавобан Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Полша бу масалада иттифоқчилар билан келишган ҳолда ҳаракатланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Варшава Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича барча ҳаракатларини НАТО бўйича ҳамкорлар – хусусан, АҚШ билан мувофиқлаштиради. Украинага Patriot зенит-ракета мажмуаларини топшириш ва Украина армияси учун Leorard танкларини бериш бўйича халқаро коалиция тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ҳам шундай бўлган.

«Бир неча ой олдин МиГ-29 самолётлари билан бўлгани каби бошқа ҳар қандай ҳаво ёрдами НАТОнинг бошқа давлатлари билан мувофиқлаштирилади, амалга оширилади ва эҳтимол, жўнатилади. Биз бу масалада барчасини мувофиқлаштирган ҳолда ҳаракатланамиз», дея Моравецкийнинг сўзларини келтирган «Укринформ» агентлиги.

Украина президенти офиси раҳбари Полшанинг бу позициясини ижобий сигнал деб атаган. «F-16 қирувчиларини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Полшадан ижобий сигналлар бор, улар НАТО билан келишган ҳолда самолётларини бизга беришга тайёр», дея ёзган Ермак телеграм-каналида.

Украинага ҳарбий авиация етказиб бериш масаласида душанба куни Франция президенти ҳам изоҳ берган. Нидерландия бош вазири билан қўшма матбуот анжуманида Макрон шундай деган: «Принципиал жиҳатдан ҳеч нарса истисно қилинмайди». Шу билан бир вақтда, Франция мудофаа вазири ёрдамчиси Сабастьян Лекорн Politico нашрига берган интервюсида, Париж Киевнинг украиналик учувчиларни французларнинг қирувчи самолётларида учишга ўргатиш бўйича сўровини кўриб чиқаётганини айтди.

Украина президенти Володимир Зеленский, ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба ҳамда мудофаа вазири Олексий Резников танклар етказиб бериш масаласи ҳал бўлганидан кейин, Ғарб давлатларининг қирувчи самолётлари – Украинанинг асосий мақсади экани ҳақида гапиришди.

Киев совет давридан қолган авиациясини янгилаш учун замонавий қирувчи самолётлар – АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 ёки F-15 қирувчилари ёки уларнинг Европадаги муқобиллари – немисларнинг Tornado ёки шведларнинг Gripen русумли самолётларини олишни кўзлаган.

Ким қарши?

Германия канцлери Олаф Шолц Der Tagesspiegel нашрида якшанба куни эълон қилинган интервюсида ўзининг асосий вазифаси «Россиянинг Украинага қарши уруши Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланиб кетмаслиги учун барча ишни қилиш» эканини айтган. У Украинани замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш масаласида «планкани кўтариш» ва рақобатга киришиш нотўғри бўлишини айтиб, Киевнинг қирувчи самолётлар етказиб бериш талабини эслаб ўтган.

Олаф Шолц танклар етказиб бериш қарорини Ғарбдаги иттифоқчилар босими остида қабул қилди. Фото: EPA

«Агар Германияда Leopard-2 танкларини етказиб бериш бўйича қарор ортидан бошқа муҳокама бошланса, бу жиддий кўринмайди, бу фуқароларнинг ҳукумат қарорларига бўлган ишончини янада пасайтиради», дея немислар канцлери сўзларини келтирган Полша нашрлари.

Душанба куни Германиядаги Spiegel нашри ҳам Шолц немис сиёсатчиларининг Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича мунозараларни танқид қилганини хабар қилди. «Бу масала жиддий муҳокамага муҳтож, рақобатга эмас, Украинани қўллаб-қувватлаш ўрнига ички сиёсий мотивлар биринчи планга чиқмоқда. Бундай дебатлар олиб борилаётгани ҳайрон қолдиради», дея унинг сўзларини келтирган УНИАН.

Қайд этиш керакки, Шолц кўп вақт давомида Украинага танклар етказиб беришга ҳам рози бўлмай келди: унинг ҳукумати нафақат ўз танкларини Киевга юбормади, балки бошқа мамлакатларга ҳам ўзида ишлаб чиқарилган Leopard танкларини Украинага реэкспорт қилишга рухсат бермади. Берлиннинг позицияси иттифоқчиларнинг босимлари остида, шунингдек АҚШ ва Буюк Британия ўзидаги асосий жанговар танкларни (Abrams Challenger) Украина қуролли кучлари учун юборишни маъқуллаши натижасида ўзгарди.

Якшанба куни Американинг Politico нашри Пентагонда Украинага ҳарбий самолётлар юбориш тарафдорлари борлиги ҳақида хабар тарқатди. «Мен биз қаршимиз деб ўйламайман», дея АҚШ мудофаа вазирлиги амалдорларидан бирининг сўзларини келтирган нашр. Нашр маълумотига кўра, гап тўртинчи авлод қирувчи самолётлари – F-16 ва унинг Европадаги муқобиллари (немисларнинг Tornado ёки шведларнинг Gripen самолётлари) ҳақида боради, чунки Ғарб мамлакатларининг кўпчилиги яқин йилларда ўз самолётларини янада янгироқ бўлган F-22 ва F-35 самолётларига алмаштиришни режалаштирган.

«F-16 туфайли уруш келиб чиқмайди»

Пентагондагилар Ғарб давлатлари биргаликда етказиб берган тизимлар ҳам Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига Россияга қаршилик қилиш учун етарли бўлмаслигидан хавотирланмоқда, F-16 ёки унинг муқобиллари эса бу муаммони ҳал этиши мумкин.

Фото: CORBIS

Нашр мақоласида айтилишича, Пендагондагилар ҳам, Европадаги иттифоқчилар ҳам самолётлар етказиб берилишини Россия эскалация сифатида қабул қилиши мумкин, деб ўйламайди. «Келинг, ҳақиқат юзига тик боқайлик: F-16 туфайли ядро уруши келиб чиқмайди», дея ўз суҳбатдошларидан бирининг сўзларини келтирган Politico.

Киев Ғарб билан қирувчи самолётлар ва узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар етказиб бериш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида ўтган ҳафтада Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк маълум қилганди. «Мен уруш даврида буни кимдир тушунмайди деб ўйламайман. Шу туфайли, биринчидан - музокаралар аллақачон бошланган, иккинчидан - музокаралар жадал суръатлар билан олиб борилмоқда, учинчидан – барча ҳамкорлар буни жуда яхши тушунишади», деганди у FreeДом канали учун берган интервюсида.

Лекин жума куни Германия мудофаа вазири Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш ҳақида «гап бўлиши мумкин эмаслиги»ни (Süddeutsche Zeitung нашрига интервюсида) айтганди: «Қирувчи самолётлар жанговар танкларга қараганда мураккаб тизимлар ҳисобланади, улар бутунлай бошқа учиш масофасига ва ўт очиш кучига эга. Бунда биз жуда чуқурлашиб кетамиз ва мен бундан тийилишга чақирган бўлардим».

Нидерландия ҳукумати эса бундай қирувчи самолётлар етказиб бериш имкониятини истисно этмаслигини маълум қилди.

АҚШ Конгресси ўтган йил ёзида Америка қирувчи самолётларида украин ҳарбий учувчиларини тайёрлаш дастурини молиялаштиришни маъқуллаган ва бунинг учун 100 млн доллар ажратилганди.

АҚШ катта миқдордаги ҳарбий самолётларни, жумладан 47 дона F-16 қирувчи самолётлари, шунингдек 48 дона F-15 қирувчи самолётларини ҳисобдан чиқармоқчи. Бунча миқдордаги F-16 украинларнинг уч-тўрт эскадрильясини тўлдириш учун етарли бўлади. Бундан ташқари, F-16 дунёнинг яна 25 мамлакати авиациясида мавжуд ва катта эҳтимол билан уларнинг кўпчилиги ўз ҳаво ҳучларини янгилашни истайди. Масалан, 2021 йилда Норвегия F-35A самолётларига ўтиши муносабати билан F-16 самолётларини сотганди.

F-16 самолётларини ишлаб чиқариш 1970-йиллар охирида бошланган, замонавий модификацияси – бир ўринли F-16C ва икки ўринли F-16D – 1980-йиллар ўрталарида пайдо бўлган. Шундан буён бу самолётлар бир неча бор такомиллаштирилган.

Мавзуга оид