Украина мудофаа вазири: Россия яна 24 февралда кенг кўламли ҳужум бошламоқчи
Украина мудофаа вазири Олексий Резников Россия катта эҳтимол билан 24 феврал куни янги кенг кўламли ҳужум бошлашни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг ҳисоблашича, россияликлар рамзлар билан яшаши ҳисобга олинса, улар Украинага босқиннинг бир йиллигини шундай «нишонлаш»га уриниб кўриши мумкин.
Украина мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Россия тахминан 500 минг аскарни сафарбар қилган.
«Расман 300 минг киши ҳақида айтишган, аммо биз чегараларимизда қўшинларни кўрганимизда, бизнинг ҳисобларимизга кўра уларнинг сони анча кўпроқ эди», деган Резников французларнинг BFMTV телеканалига берган интервюсида.
Мудофаа вазирининг сўзлари Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Олексий Даниловнинг бир кун олдин айтилган, Россия 2022 йил 24 февралида бўлгани каби шимол, жануб ва шарқдан бир вақтда ҳужум қилишга уриниб кўриши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига мос келади. Ғарбдаги ҳарбий экспертлар ҳам шу каби хавотирлар билдиришган.
Украина мудофаа вазири Францияда бўлиб турибди, у бу ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун MG-200 типидаги қўшимча радарлар сотиб олиш мақсадида музокаралар олиб борди, унинг сўзларига кўра, бундай радарлар қуролли кучларнинг ҳаводаги нишонларни, жумладан қанотли ракеталар ва баллистик ракеталар, шунингдек турли турдаги дронларни аниқлаш имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳарбийларга Донбассни баҳор охирига қадар эгаллашни буюрган. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳам яқинда Москва қатъий ҳаракатга ўтиши ва Украина шарқида катта юриш бошлашга уриниши мумкинлигини тахмин қилганди.
Шу билан бирга, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Путиннинг ҳарбий мақсадлари Украинанинг шарқий регионлари билан чекланиб қолиши кафолатланмаганини айтган.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги ҳам Кремлга яқин манбасига таяниб, Россия бош штаби 2023 йил феврали ёки мартида Украинада янги юриш бошлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди.
Бу огоҳлантиришлар Украина жануби-шарқида вазият кескинлашиши фонида янграмоқда: Донбассда қақшатқич жанглар кетмоқда, февралнинг дастлабки кунларида Россия томони ҳудуддаги Украин ҳарбийларининг асосий базаси жойлашган Краматорскни ўққа тутди, турар жой биноларига ракеталар келиб тушиши оқибатида беш киши ҳалок бўлган, беш киши яраланган.
«Россия терроризмини тўхтатишнинг ягона йўли - уни енгишдир. Танклар билан. Қирувчилар билан. Узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар билан», дея бу ҳужумларга муносабат билдирди президент Володимир Зеленский.
Германия, АҚШ ва Буюк Британия ўз танкларини беришга рози бўлгач, Украина ўз ҳаво кенгликларини ҳимоя қилиш учун қирувчи самолётлар ҳам сўрай бошлади. Украина ҳукумати вакилларига кўра, Ғарбдаги ҳамкорлар билан жанговар самолётлар етказиб бериш бўйича музокаралар аллақачон бошланган. Аммо АҚШ президенти Жо Байден Украинага Американинг F-16 қирувчилари етказиб берилиши эҳтимолини рад этди.
Чалғитиш ва диққатни жамлаш
Даниловнинг сўзларига кўра, Украина Кремл томонидан жиддий эскалацияга тайёрланмоқда ва бу яқин икки-уч ҳафтада бошланиши мумкин.
«Россия максимал эскалацияга ҳозирланмоқда. Улар барча кучларни тўпламоқда, машғулотлар ўтказмоқда», деди у Sky News учун берган интервюсида.
Урушларни ўрганиш институти (ISW) экспертлари қайд этишича, Путин йирик юриш бошлашдан олдин Украина кучларини чалғитиш ва турли участкаларга бўлиб юборишга ҳаракат қилмоқда. У 1 феврал куни йиғилиш ўтказган, унда аннексия қилинган Қримда, шунингдек, Украина томонидан зарбаларга учраб келаётган Белгород, Брянск ва Курск областларида шикастланган инфратузилмаларни тиклаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
ISW таҳлилчилари тахмин қилишича, Путин украинларнинг чегара ҳудудларини ўққа тутишига урғу қаратиши икки мақсадга хизмат қилиши мумкин. Бир томондан, у Украинадаги урушни Россия фуқаролари учун таҳдид сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, бу Россиядагиларни уруш узоқ вақт давом этишига кўндириш учун. Бошқа томондан - Украина кучлари шимолий-шарқий чегаралар бўйлаб тарқалиб кетиши учун чегарада эскалация юзага келтирмоқчи. Бироқ, ISW таҳлилчилари баҳоларига кўра, бундай режа муваффақият келтирмайди, камида шимолда.
Россия Белгород, Брянск ва Курск областларидан Украина шимоли ва шимоли-шарқига ҳужум қилиниши таҳдидини яратиш орқали Киевни бу йўналишлар мудофааси учун қўшимча кучлар юборишга ундаб, яқин ойларда кутилаётган ҳужум олдидан чалғитишга уринмоқда.
Қатор кузатувчилар Россия Беларус томондан бостириб кириш ва бу орқали Ғарбнинг Украинага қурол етказиш йўналишларини кесиб қўйишга уриниши мумкинлиги борасида хавотир билдирган бўлса-да, ISW мутахассислари бундай босқин эҳтимолини жуда кам деб баҳолайди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, Россия ўз ишлаб чиқариш қувватларини ошириш орқали янги қурол ва ўқ-дориларга эга бўлмоқда, шунингдек Эрон ва Шимолий Корея каби бошқа авторитар давлатлардан қуроллар сотиб олмоқда.
«Биз президент Путин бу босқиннинг бош мақсади - қўшинни назорат қилиш, Украинани бошқариш мақсадини ўзгартирганининг ҳеч қандай аломатини кўрмаяпмиз. Шундай экан, биз узоқ йўлга тайёр бўлишимиз керак», деган Столтенберг.
Ҳал қилувчи ойлар
Бу вақтда ўтган ойда Соледар шаҳрини эгаллаган «Вагнер» гуруҳи ёлланма жангчилари ва Россия мунтазам армияси Бахмутни эгаллаш учун ҳаракатларини тўхтатмаяпти.
Чоршанба куни кечқурунги чиқишида Володимир Зеленский жанубий-шарқий фронтдаги вазият янада оғирлашгани ва Украина кучларини жиддий синовдан ўтказаётганидан огоҳлантирди.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, россияликлар Лиманни ҳам эгаллашга уринмоқда - бу Россия армиясининг собиқ логистик маркази бўлиб, ўтган йил октябрида Украина армияси томонидан қайтариб олинганди.
«Россия қўшини Донецк ва Луҳанск области чегараларига чиқиш учун фаоллик билан ҳаракатланмоқда. Бизнинг аскарларимиз Украина заминининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишмоқда», дея ёзган Маляр телеграм-каналида.
Олексий Даниловнинг сўзларига кўра, энг оғир жанглар ҳали олдинда, кейинги бир неча ой эса урушда ҳал қилувчи муддат бўлади.
Шу билан бирга, Данилов бугунги кунда Украина ҳарбийларига Ғарбдаги ҳамкорлар, жумладан Британия томонидан кўрсатилаётган ёрдам бир йил олдиндагидан анча кўпроқ бўлаётганини эътироф этган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024