Иқтисодиёт | 15:07 / 06.02.2023
34184
3 дақиқада ўқилади

Муаммоларни тезроқ ҳал қилиш имкони: “Ташаббусли бюджет” бошланди

Очиқ бюджет” порталида ижтимоий инфратузилма муаммоларини ҳал қилишга пул ажратиш бўйича таклифларни қабул қилиш бошланди. Ташаббуслар 26 февралгача йиғилиб, кейин овозга қўйилади. Президент бу йил жамоатчилик таклифларини амалга ошириш учун 3,5 баробар кўп – 8 трлн сўм йўналтиришга топшириқ берган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилнинг биринчи мавсум “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бошланганини эълон қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун бугунги кун ҳолатига 750 млрд сўм йўналтирилган. Бу рақам овоз бериш жараёни якунларига қадар яна ортиши кутилмоқда.

Фуқаролар 2023 йилнинг 6 февралидан 26 февралига қадар “Очиқ бюджет” порталида ўз ҳудудларидаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб таклифлар қолдириши мумкин. Таклиф қолдириш муддати якунлангач, лойиҳаларга овоз бериш жараёни бошланади.

Туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари доирасида жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” портали орқали тадбирларни шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёнининг биринчи мавсуми – ҳар йили февраль-март ойларида, иккинчи мавсуми июн-июл ойларида ўтказилади.

2023 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун қанча маблағ ажратилган?

Жорий йилдан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарда 6 млрд сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилиши ҳисобига “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун жами 2 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилади.

Бунинг натижасида, 53 та туман ва шаҳарга (тасдиқланадиган бюджетлари миқдори кам бўлишига қарамай) 6 млрд сўм маблағ йўналтирилади. Мисол учун, Ғозғон шаҳрига 2022 йилда 900 млн сўм маблағ ажратилган бўлса, 2023 йилдан бошлаб мазкур ҳудудга 6 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.

Аввалги йилларда фақат туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун йўналтирилиши белгиланган эди.

Шунингдек, 2023 йилда “Менинг йўлим” лойиҳаси учун ажратиладиган маблағлар миқдори ҳам 2 баравардан ортиққа оширилган.

Бу ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, президент топшириғига кўра 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга 8 трлн сўм маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет”нинг 2022 йилдаги биринчи ва иккинчи мавсумларида 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган лойиҳаларнинг ҳаммасига маблағ ажратилган эди.

Мавзуга оид