“Минг долларга яқин маош оламан” – эксклав ҳудудда ишлаётган шифокор
Миролим Ғозиев асли Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан. Сўх туманининг Офтобрў қишлоғидаги оилавий шифокорлик пунктида ишлайди. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган шифокор бир неча йилдан буён уйидан 200 км олисда яшаб, фаолият юритмоқда.
Президентнинг 2020 йил 8 августдаги қарорига кўра, Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи уч йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 фоиз, ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 фоиз бўлиши белгиланган.
Президент тегишли фармонига асосан 2021 йилдан олис ва чекка ҳудудларда аҳоли тиббий хизмат олиши учун шароит яратиш мақсадида “Қишлоқ шифокори” дастури жорий этилган эди. Миролим Ғозиев уйидан 200 километр олисда жойлашган Сўх туманида фаолият юритмоқда. Икки нафар фарзанднинг отаси.
“Мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олдим. Бир муддат Қўқон шаҳри, Фурқат, Ўзбекистон туманларида ишладим. 2018 йилда Сўх туманида фаолият юритиш истагида бўлган шифокорлар ойлигига қўшимча устама ҳақи берилиши ҳақида эшитдим. Тўғрисини айтганда, ўзимизнинг туманда ишлаётган пайтда маошим кам эди.
2018 йилда Сўх туманига оилам билан кўчиб ўтиб ишлашга қарор қилдим. Маҳаллий ҳокимият томонидан берилган маблағлар эвазига моддий ҳолатимиз анча яхшиланди. Дастлаб келганимда ижара уйда яшадим. Айниқса, Водил қишлоғи орқали Қирғизистон чегарасидан ўтиб, Сўхга етиб келиш азоб эди.
Янгиариқ қишлоғидан хизмат уйи беришди. Оилам билан бир муддат шу ерда яшадик. “Қишлоқ шифокори” дастури асосида вилоят ҳокими билан шартнома тузганимдан кейин 30 миллион сўм пул беришди. Маошимдан жамғариб юрган маблағга қўшиб, машина ва кейинчалик шифохонага яқин жойдан янги қурилган уйлардан ипотека кредити асосида 3 хонали уй сотиб олдим.
Айни кунда 10 миллион сўм атрофида маош оламан. Турмуш ўртоғим ҳамшира. Ҳозирда уйда фарзанд парвариш қиляпти. У шу йили олийгоҳга имтиҳон топшириб, насиб қилса олий маълумотли шифокор бўлмоқчи.
Устама ҳақида гапирадиган бўлсам, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан шартнома тузганмиз. Унга кўра туманда 3 йил ишлаган ходим 30 миллион сўм маблағ олиши белгиланган. Апрел ойида шартнома тузган бўлсак, май ойида 30 миллион сўм нақд кўринишда пул олдик.
Базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида яшаш уйи учун ижара пули берилди. 2022 йил апрелдан эътиборан 2 миллион сўм ҳар ой маошимизга қўшиб бериляпти. Бундан ташқари, ҳудудда 3 йил ишлаган ходим ординатурага имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланди.
Шунингдек, 3 йил иш стажига эга шифокорга 40 фоиздан 100 фоизгача устама берилади. Устама ҳар икки йилда 15 фоиздан қўшиб борилади. Даромад солиғи эса айнан Сўх туманида ишлаганлар учун 1 фоизни ташкил қилади.
Кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олганимизда Хайрулло Бозоров келиб, хонадон нархининг 10 фоизини, яъни 20 миллион сўм бошланғич тўловини тўлаб берган.
Сўхликлар содда, кези келганда талабчан халқ. Сўх ҳавоси тоза, мусаффо. Шу томонлари яхши. Оилавий шифокорлик пунктимиз бугунги кунда 4 901 нафар аҳолига хизмат қиляпти. Туманда ҳозирги кунда 27 нафар шифокор турли вилоятлардан келиб фаолият юритмоқда”, — дейди Миролим Ғозиев.
Шифокор Миролим Ғозиев тоғ бағрида яшовчи, содда, самимий одамларнинг кўнглидан осон йўл топа олган. Уларнинг хонадонларига кириб бориб, керакли муолажалар олиб боради. Шифокор қишлоқдан кетгиси йўқ.
Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
15:56 / 08.10.2024