Жаҳон | 08:35 / 13.02.2023
7372
2 дақиқада ўқилади

Исроил 9 та аҳоли пунктини қонунийлаштиришга қарор қилди

Исроил хавфсизлик кабинети Ғарбий соҳилдаги тўққизта рухсат этилмаган аҳоли пунктларини қонунийлаштиришга қарор қилди. The Jerusalem Post таъкидлаганидек, бу «жуда кам учрайдиган қадам».

Фото: Reuters

Исроил хавфсизлик кабинети оккупация остидаги Ғарбий соҳилда тўққизта рухсат этилмаган аҳоли пунктларини қонунийлаштиришга қарор қилди. Тегишли резолюция 12 февраль, якшанба куни бўлиб ўтган йиғилиш якунлари бўйича январь ойида Қуддусга уюштирилган икки ҳужум муносабати билан қабул қилинди.

The Jerusalem Post таъкидлаганидек, бу «жуда кам учрайдиган қадам». Ўз навбатида, dpa агентлиги у Қўшма Штатлар позициясига аниқ зид эканлигини маълум қилди.

Қарорда қайд этилганидек, бу аҳоли пунктлари узоқ вақтдан бери, айримлари эса ўнлаб йиллар давомида мавжуд.

Dpa агентлиги маълумотларига кўра, яқин кунларда тегишли қўмита ушбу аҳоли пунктлари ҳудудида қўшимча уй-жойлар қуриш бўйича йиғилиш ўтказиши керак.

2022 йил декабрь ойи охирида Исроилнинг янги ҳукумати қасамёд қилди. Бир ярим йиллик мухолифатдан сўнг вазирлар маҳкамаси раҳбари лавозимига қайтган бош вазир Бенямин Нетаняху вазирлар маҳкамасининг 33 нафар аъзосини, жумладан, ўнг қанот миллатчи диний коалиция вакилларини тақдим этди. Экспертларнинг фикрича, бу - Исроил тарихидаги энг ўнг ҳукумат. Биринчи марта унинг таркибига ўнг қанот экстремистлар ва жиноий жавобгарликка эга бўлган одамлар кирган.

Янги ҳукумат босиб олинган Ғарбий соҳилда аҳоли пунктларини кенгайтириш сиёсатини олиб бориш ниятини эълон қилди.

Мавзуга оид