Ўзбекистон | 12:25 / 15.02.2023
78006
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Onix'ни серияли ишлаб чиқариш бошланди

Янги моделнинг Premium комплектацияси ҳам тақдим этилди. Унда бошқа комплектацияларда бўлмаган опциялар – люк, орқа ўриндиқни иситиш, климат контрол, яримавтомат тўхташ ва бошқа қулайликлар бор.

Фото: Kun.uz

Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводида Chevrolet Onix автомобили оммавий ишлаб чиқарилишининг бошланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Onix ҳам Tracker каби GM GEM (General Motors Global Emerging Markets) платформасида ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳага 427,6 млн доллар инвестиция киритилган.

“Корхоналарнинг инженерлик салоҳияти ва техник жиҳозланиши Chevrolet Onix автомобилини 50 фоизгача маҳаллийлаштиришга имкон берди, йил охирига қадар эса 70 фоизга етказилади”, – дея расман маълум қилди UzAuto Motors.

Тадбирда айтилишича, Onix учун Ўзбекистондаги 200 дан ортиқ корхонада 1 500 дона деталнинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Бунда 312 млн долларлик янги заводлар қуриб ишга туширилган. Компания маълумотига кўра, амалга оширилган лойиҳалар Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 500 минг донага етказиш учун “барча шароитларни яратган”.

Фото: Kun.uz

Onix двигателлари UzAuto Motors Powertrain корхонасида ишлаб чиқарилмоқда. Автомобил комплектациясига қараб 2 турдаги двигател билан тақдим этилади:

  • 1,2 литрли 90 от кучига эга атмосферали двигател 5 поғонали механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган;
  • 1,2 литрли 132 от кучига эга турбо двигател 6 поғонали автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган.

Автомобил 10,9 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, шу билан бирга аралаш циклда 100 км учун фақат 5,9 л ва шаҳар ташқарисидаги йўлда 4,7 л сарфлайди.

4LT комплектацияси базавий опцияларидан ташқари автомобилга калитсиз кириш (smart key) ва ёқиш (start/stop) тизимлари, круиз контрол билан таъминланган.

LS комплектациясидан ташқари барча комплектациялар Bluetooth, Hands-free ва 8 дюйм ҳажмдаги сенсор дисплейли русификацияга эга мултимедиа тизими (Apple CarPlay ва Android Auto) билан жиҳозланган.

Фото: Kun.uz

Автомобилнинг соддалаштирилган комплектациясидан ташқари барча комплектатсиялари сигнализация, кондиционер, рул колонкасини юқорига ва пастга ҳамда узоқ яқинлигини мослаштириш, ҳайдовчи ўриндиғи баландлигини созлаш, тезликни чекловчи ва бошқа опцияларга эга.

Бундан ташқари, комплектациясига қараб, автомобиллар тепаликка кўтарилишга ёрдамлашувчи тизим, фаралар ўчишининг кечиктирилиши тизими (Follow Me Home), тўхташ тизими датчиклари (Park Assist) ва болалар ўриндиғини ўрнатиш тизими (Isofix) билан жиҳозланган.

Барча Chevrolet Onix автомобиллари камида 2 та хавфсизлик ёстиқчаси ҳамда ABS ва ESS (барқарорликни электрон назорат қилиш) тизими билан жиҳозланган.

Соддалаштирилган комплектациядан ташқари барча комплектацияларда тезликни чекловчи ва шиналар босимининг мониторинг тизими бор.

2023 йилда Chevrolet Onix Premium автомобилидаги қўшимча опциялар:

  • климат контрол;
  • яримавтомат (параллел ва перпендикуляр) тўхташ тизими;
  • олд партрониклар;
  • кўриниши чекланган жойлар назорати датчиги;
  • орқа ўриндиқ иситиш тизими;
  • люк;
  • тўлиқ светодиод оптикаси ва орқа габарит чироқлар;
  • салонда ҳайдовчи, олд ўриндиқ ва орқа ўриндиқ йўловчилар учун алоҳида ёритиш тизими;
  • ўзига хос дизайнли қуйма дисклар ва бошқалар.

Мавзуга оид