Ўзбекистон | 12:03 / 15.02.2023
19584
4 дақиқада ўқилади

Собиқ алоқа вазири янги лавозимга тайинланди

Вазирлар Маҳкамасида қатор тайинловлар амалга оширилди.

Фото: Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Шуҳрат Муҳамаджонович Содиқов Ўзбекистон Бош вазири котибияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов ўз Telegram-каналида хабар бермоқда.

Шуҳрат Содиқов 2008−2010 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси директори бўлган, 2010 йилдан 2017 йилгача Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган, 2017−2018 йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори бўлган. У 2018 йил августидан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган.

2021 йил ноябрида Ўзбекистонда Telegram ва Instagram блокланиши ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров билан бирга истеъфога чиқарилганди.

Унинг ўтган вақт ичидаги фаолияти ҳақида маълум эмас. 

У энди президент фармони билан бош вазири котибияти раҳбари этиб тайинланган Абдурашид Жўрабоевга (у 2019 йил сентябрдан буён президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди) ўринбосарлик қилади.

Абдурашид Жўрабоев

Жўрабоевга яна икки ўринбосар тайинланган.

Нусратбек Давронқулович Тўйчиев Бош вазир котибияти раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Нусратбек Тўйчиев

Даврон Наримович Қаландаров Бош вазир котибияти раҳбари ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимидан ишлаётганди.

Даврон Қаландаров

Шунингдек, бош вазир ўринбосарлари котибиятларига мудирлар тайинланган.

Мансурбек Бозорбоевич Жуманиязов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовнинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Мансурбек Жуманиязов

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Иззат Раҳматуллаевич Тангриев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Иззат Тангриев

Шу муносабат билан Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ёрдамчиси лавозимидан озод қилинди.

Жамшид Абдусаломович Абдусаломов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Жамшид Абдусаломов

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқалари масалалари котибияти мудири лавозимидан озод қилинди.

Нодир Мухторович Дўсматов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамованинг котибияти мудири этиб тайинланди.

Нодир Дўсматов

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси Оила ва хотин-қизлар масалалари котибияти мудири лавозимидан озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил бошидан Ўзбекистон ҳукуматида маъмурий-тузилмавий ўзгаришлар рўй берди. Ижро ҳокимияти тизимидаги 86 та вазирлик ва идора 70 тага қисқартирилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасидаги штатлар сони 269 тадан 120 тага қисқарди.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати ўрнига ҳукумат раҳбарининг фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинди.

Мавзуга оид