Петербургда Россия Мудофаа вазирлиги амалдори ўлик ҳолда топилди
Марина Янкинанинг жасади ўз квартираси деразалари остида топилди, 16-қаватнинг балконида полиция аёлнинг шахсий буюмларини аниқлади.
Санкт-Петербургда Россия Мудофаа вазирлигининг Ғарбий округ бўйича молиявий таъминот бўлими бошлиғи Марина Янкина ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда 16 февраль, пайшанба куни «Фонтанка» ва «Коммерсант Санкт-Петербург» нашрлари хабар берди.
Кеча эрталаб аёлнинг жасади ўз квартираси деразалари остидан топилган. Ғарбий округ матбуот хизмати ҳеч қандай маълумот бермасдан, аёл уларнинг ходими эканлигини тасдиқлади. Асосий версияга кўра, у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин, деб ёзади «Коммерсант». 16-қаватдаги кириш қисмининг умумий балконида полиция Янкинага тегишли экани тахмин қилинаётган ҳужжатлар ва шахсий буюмларни топди.
Ғарбий ҳарбий округдаги хизматидан олдин Янкина Федерал солиқ хизматида ишлаган, шунингдек, Санкт-Петербургда мулк муносабатлари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлган.
Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Россияда амалдорлар, депутатлар ёки йирик тадбиркорларнинг ўлими ҳақидаги хабарлар алоҳида эътибор тортяпти. Бироқ, ҳеч бир ҳолатда ўлим терговнинг расмий версиясига мос келмаслиги аниқланмаган ёки исботланмаган.
Декабрь ойида Ҳиндистонда Владимир вилояти қонунчилик йиғилишининг «Единая Россия» партиясидан депутати, Россиянинг энг бой депутатлари ва давлат хизматчиларининг Forbes рейтингини бошқарган Павел Антов меҳмонхона ойнасидан қулаб вафот этди.
1 сентябрь куни Москвада «Лукойл» нефть компанияси директорлар кенгаши раҳбари Равил Маганов вафот этди. У даволанаётган шифохона деразасидан йиқилиб тушган. 2022 йилнинг май ойида Митишчи шаҳрида «Лукойл»нинг яна бир собиқ топ-менежери, миллиардер Александр Субботин ўлик ҳолда топилган эди. Россия Тергов қўмитаси ўлим сабаби ўткир юрак етишмовчилиги эканлигини маълум қилди.
Март ойи бошида асли келиб чиқиши Украинадан бўлган россиялик нефть ва газ магнати Михаил Уотфорд Британиянинг Суррей шаҳридаги уйининг гаражида осилган ҳолда топилган эди. Март ойи охирида Россиянинг йирик «МедСтом» компанияси раҳбари, миллиардер Василий Мелниковнинг оиласи Нижний Новгороддаги квартирада пичоқ жароҳатлари излари билан ўлик ҳолда топилган. «Коммерсант» ёзганидек, тергов, жумладан, Мелников ўз яқинларини ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин бўлган версияни кўриб чиқмоқда.
Апрель ойида полиция Москвадаги квартиралардан бирида «Газпромбанк» собиқ вице-президенти, миллионер Владислав Аваев, унинг рафиқаси ва 13 ёшли қизининг жасадларини топди. Эшик ичкаридан қулфланган, терговчилар уйга бостириб кириш ва бошқа одамларнинг изларини топмаган, шунинг учун улар қотилликка маиший можаро сабаб бўлган деб ҳисоблаяпти.
Мавзуга оид
15:39 / 19.11.2024
Петербургда Ўзбекистон фуқаролари қонуний тарзда иш билан таъминланади
07:47 / 23.08.2024
Петербургда мураккаб вазиятда қолган ўзбекистонликларга моддий ёрдам кўрсатилди
13:50 / 11.03.2024
Петербург яқинида дрон уриб туширилди ва кучли ёнғин чиқди
14:45 / 24.01.2024