Жаҳон | 14:37 / 19.02.2023
15440
2 дақиқада ўқилади

Дамашққа ракета зарбалари йўлланди. Сурия бунда Исроилни айбламоқда

Суриялик ҳарбийлар якшанбага ўтар кечаси мамлакат пойтахти Дамашққа берилган ракета зарбалари оқибатида беш киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Уларнинг тасдиқлашича, зарбалар Исроил томонидан йўлланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Давлат нашрлари ҳарбий манбага асосланган ҳолда вақт ярим тундан ўтганда Исроил пойтахтнинг бир қанча туманларига авиазарбалар бергани, натижада беш киши ҳалок бўлгани, улардан бири ҳарбийлиги ҳақида хабар берган. Хабарларга кўра, яна 15 киши яраланган.

Зарба оқибатида Дамашқнинг тарихий марказида жойлашган Уммавийлар масжиди яқинидаги аҳоли зич яшовчи Кафр Соуза туманида бир неча бинолар шикастланган.

Архив фото

Бу ҳудудда махсус хизматларнинг яхши қўриқланадиган катта мажмуаси жойлашган. Reuters хабарига кўра, ҳарбийлар яшовчи кўп қаватли бино аҳоли уйлари ўртасида жойлашган.

Исроиллик ҳарбийлар Reuters агентлигига бу ҳодиса бўйича изоҳ беришни истамаган. Исроил Сурияда Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» билан алоқадор бўлган нишонларга тез-тез ҳужум қилиб туради, аммо доим ҳам жавобгарликни зиммасига олмайди.

Якшанба кунги ҳужум 12 кун муқаддам мамлакат шимоли-ғарбида ва қўшни Туркия жануби-шарқида содир бўлган 7,8 магнитудали вайронкор зилзиладан буён биринчиси бўлди.

Сурия расмий шахсларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 00:22 да берилган зарбалар Дамашқ ташқарисидаги бир қанча уйларга ҳам шикаст етказган. Мамлакат мудофаа вазирлигига кўра, ракеталар 1981 йилда Исроил томонидан аннексия қилинган Жўлан тепаликларидан учирилган.

2008 йил февралида Кафр Соузада автомобилга ўрнатилган бомба портлатилиши оқибатида «Ҳизбуллоҳ» етакчиларидан бири Имад Мугние ҳалок бўлганди.

Эрон сўнгги йилларда Суриядаги ҳарбий мавжудлигини оширди ва давлат назоратидаги кўплаб ҳудудларда мустаҳкам жойлашди - Reuters ғарб давлатлари разведкаларидаги манбаларга таяниб ёзишича, бу ҳудудларда Эронга бўйсунувчи минглаб кўнгилли жангчилар ва маҳаллий ҳарбий тузилмалар ҳаракатланади.

Сурия президенти Башар Асаднинг ҳукумати ҳеч қачон мамлакатдаги фуқаролик урушида Эрон кучлари унинг номидан ҳаракатланишини тан олмаган, шу билан бирга Эрондан ҳарбий маслаҳатчилар борлигини тан олган.

Мавзуга оид