Жамият | 10:00 / 22.02.2023
70700
11 дақиқада ўқилади

Қизиқ тақдир: Бегона «эгизаклар»

1985 йил 9 август. Қувадаги туғуруқхонада бир вақтнинг ўзида икки ўғил дунёга келди. Туғилиш пайтида чақалоқлар доялар айби билан алмашиб қолган эди. Аввалига ҳолатни ҳеч ким пайқамайди. Фақат туғуруқхонадан уйга кетиш учун рухсат берилган кун шифокорлар чақалоқлар алмашиб қолганини сезиб қолишади.

Оналар қаршисига икки танлов турарди. Ё ҳақиқий фарзанди билан уйга қайтиш ё 6 кун оқ сут бериб меҳр қўйган бегона болани фарзанд қилиб олиш. Мушкул вазиятда қолган оналар бегона болани танлашди.

Бирига Зиёдилло, иккинчисига Иззатилло деб исм қўйилди. Вақт ўтиб ота-оналар чақалоқларни алмаштириш шарт деган хулосага келишди. Лекин аллақачон 2 ёшга тўлган ва қалбининг бир парчасига айланган болаларнинг оналари уларни алмашишга кўзи қиймас эди.

 Зиёдилло ва Иззатилло,1986 йил
Зиёдилло ва Иззатилло,2023 йил

Ниҳоят фарзандлар алмаштирилди. Лекин бу жараён осон кечмади. Йигитчалар ўзга онанинг сути билан ранглари ўзгариб юз-кўзлари асл авлодларига торта бошлаганди.

Икки оила ўртасида алмашиш учун музокаралар бошланади, ҳар икки она иккаласи ҳам ўзида қолишини хоҳлашади. Бири ўз вужудидан дунёга келган бўлса, иккинчисига бир ярим йил оқ сут бериб катта қилган, тун-у кун юзларига термилиб, барча қилиқларини севиб ўрганган боласи.

Оилалар болаларни алмашиб бўлишгач, болалар исмлари ҳам Зиёдилло-Иззатиллога алмашади ва аксинча, гувоҳномаларда фақат отаси ва онаси деган жойлари ўзгаради холос.

1986 йил. Болалар ўз оналарини топган кун
 Бугунги кун (2023 йил)

Зиёдилло ва Иззатилло иккиси ҳам оилада 4-фарзанд, иккиси ҳам шифокор, бир-бирига жуда қадрдон. Ҳар бирининг икки онаси, икки отаси бор, аҳил-иноқ бўлиб кетишган.

“Шифокорлар чақалоқлар алмашиб қолганини ҳеч кимга айтмаслигимиз ҳақида уқтиришган”– Иззатилло Абдусалимовнинг онаси Одинахон Абдусалимова

Одинахон Абдусалимова

“Тўртинчи фарзандга ҳомиладор эдим. Роддомга бориб хоналардан бирига жойлашдим. Орадан ярим соат ўтиб яна бир оғироёқ аёл айнан бизнинг хонамизга кириб келди.

Доялар ўғил кўрганимни айтиб чақалоқни йўргаклаб ёнимга олиб келишди. Орадан икки соатлар ўтиб ёнимдаги аёлни кўзи ёриган экан уни ҳам кроватга ётқизишди. У аёл ҳам ўғилли бўлган экан. Нотаниш аёл кўзи ёриган пайтда ҳушидан кетиб қолган эди. Унинг чақалоғини эндигина туғилган ўғлимнинг ёнига ётқизишди.

Эртаси куни чақалоқларни қўлимизга беришди. Бундан аввалги туғилган 3 ўғлимнинг барчаси қорачадан келган эди. Янги туғилган чақалоқнинг рангги негадир оқсариқдан келган. Сут берсам негадир қайт қилар эди.

Орадан 6 кун ўтди. Туғуруқхонадан уйга кетишга рухсат берилди. Ҳужжатларни расмийлаштириб бўлиб хонага қайтдим. Не кўз билан кўрайки кроватимда бегона чақалоқ ётарди. 6 кун эмизган чақалоғимни эса хонадошим Юлдуз опанинг қўлига бериб қўйишган экан. Ўша пайтда чақалоқлар туғилган пайтдаёқ алмашиб қолганини англаб етдим. Юлдуз опа ҳам ҳайрон. У ҳам 6 кун сут берган чақалоқни алмашгиси келмасди. Қўлимдаги болага қараб мана менинг чақалоғим деб уни қўлига олди. Бир вақтда туғилган чақалоқлар ўзга она меҳрига 6 кундаёқ ўрганиб қолган эди. Роддомда тўпалон бошланиб кетди. Шифокорлар гўдак қўлидаги биркаларни алмаштиришди. Юлдуз опа гарчи чақалоқ ўзининг фарзанди бўлмаса-да, уни 6 кун парваришлагани учун уни менга бергиси келмасди. Қўлидаги чақалоқ ўзиники эканига қаттиқ ишонарди. Ўша кунлари туғуруқхонада амалиётчилар бўлган экан. Улар тажрибасизлигидан чақалоқлар алмашиб қолган экан.

Шундай қилиб бегона чақалоқни кўтарганча уйга келдик. Қаршимизга чиқиб кутиб ўтирган қайнукамнинг қизи машинадан тушганимдаёқ чақалоқни эркалаб кўтарди. Унинг юзига қарабоқ чақалоқни роддомда алмаштириб қўймаганмидингиз деди. Чақалоқ оппоқлиги учун ҳамма шубҳалана бошлади.

Кечки пайт гўдакка термилиб ўтирсам, турмуш ўртоғим кириб келди. Унга роддомда чақалоқлар алмашиб қолгани, шифокорлар эса бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демаслигимни уқтиришгани ҳақида айтдим. Роддомда эканимда чақалоғимни олиб кетган хонадошим Юлдуз опамнинг фамилияси, Қуванинг Пандигон қишлоғида истиқомат қилиши ҳақидаги маълумотларни билиб олган эдим.

Бўлган воқеани эшитиб турмуш ўртоғим қайнукам билан бирга мотоциклга ўтириб Пандигон қишлоғига жўнаб кетишди. Лекин ўшанда Юлдуз опа чақалоқни алмаштиришга рози бўлмади.

Қайнотам раҳматли ақлли инсон бўлган. У болалар алмашиб қолганини ҳеч кимга айтмаслигим, болалар улғайгач, бу ҳолат руҳиятига таъсир қилиши ҳақида айтди. Бўлиб ўтган воқеани ҳеч кимга айтмадим.

Фарзандимизга Зиёдулло деб исм қўйдик. Улар эса Иззатилло қўйишган экан. Кунлар шу зайлда ўтарди. Тўнғич фарзандларим 9 ойлигидаёқ юришга ҳаракат қилган. Лекин Зиёдуллонинг ҳаракати суст эди. Иззатиллони парваришлаётган оила ҳам вақт ўтиб ҳолатдан, чақалоқнинг ҳаракатларидан шубҳалана бошлайди.

Ниҳоят фарзандларни алмашишга қарор қилдик. Болалар бу пайтда 2 ёшга тўлиб қолган эди. Бир томондан оқ сут бериб доимо қучоғимда олиб юрадиган Зиёдуллони бергим келмаса, яна бир томондан ўзимнинг асл ўғлим Иззатилло уйимизга кириб келишини ўйлаб қувонардим.

Шифокорлар 2 ёшга кирган чақалоқларни алмаштиришга аллақачон кеч бўлгани, акс ҳолда улар нобуд бўлиш эҳтимоли юқори эканини таъкидлашарди.

Чақалоқларни алмашиш жараёни жуда оғир кечди. Иззатиллонинг акалари укасини бермаслик учун тинмай йиғлашарди. Машинага ўтириб кетарканмиз Зиёдулло машинага талпиниб йиғлаганича қолди.

Болалар касал бўлиб қолмаслиги учун ҳафтада бир кун бир-биримизнинг ҳолимиздан хабар олиб турдик.

Боғчага бориб фарзандларимни олиб келиш мен учун азоб эди. Чунки у ерда Зиёдулло ҳам тарбияланар эди. Зиёдулло боғчада мени кўриб қолиб севинганидан қучоғимга ўтириб оларди.

Шундай қилиб икки оила биргаликда фарзандларни улғайтирдик. Биргалашиб ўқитдик. Ҳамжиҳатликда уйлантирдик. Иззатилло Андижон давлат Тиббиёт институтида, Зиёдулло эса ТошМИда ўқиди. Икки фарзандим ҳам тиббиёт соҳасида ишлайди. Ҳозирги пайтда бу оила билан қариндош тутинганмиз”, – дейди у.

Иззатилло Абдусалимовнинг отаси Муҳаммаджон Абдусалимов бўлиб ўтган воқеани шундай эслайди:

Муҳаммаджон Абдусалимов

“Ўша кунни яхши эслайман. Қувончим ичимга сиғмай чақалоқларни олиб келиш учун роддомга бордим. Негадир бино ичкарисидан чиқаверишмади. Уларни уйга ташлаб ишга кетдим. Кечки пайт уйга келсам хотиним йиғлаб ўтирибди. Аёлим чақалоқлар алмашиб қолганини айтди.

Ҳақиқий ўғлим Иззатилло бориб қолган ҳовлини қидириб топдим. Маслаҳатлашдик. Иззатиллонинг онаси боламизни бергиси келмади.

Болалар бир ярим ёшга тўлганида болаларни алмаштирдик. Алмаштириш жараёнида йиғламаган одамнинг ўзи қолмади. Жараёнда иштирок этган шифокорларнинг кўзидан ҳам ёш чиқиб кетди.

Ҳозир энди бу оила билан худди қариндошлардекмиз. Зиёдулло ҳам мени ота деб чақиради. Аёлимни эса она дейди. Бир-биримизни кўрсамак тура олмаймиз. Ўтмишда жуда қизиқ ҳолат бўлган. Қизиқ томони болаларни алмаштирганимиздан кейин ҳам “метрика”си ўзгармади”, – дейди у.

“Икки ота, икки онам бор”– Иззатилло Абдусалимов

Иззатилло Абдусалимов

“37 ёшни қарши олдим. Ўтмишдаги воқеани ҳалигача қувонч билан эслаймиз. Қаерга борсак ҳам бу ҳақда қизиқиб сўрашади. Зиёдулло ҳам тиббиёт соҳасида ишлайди. Мен ҳам шу соҳадаман. Бир-биримиздан, ота-онамиз ҳолидан тез-тез хабар олиб турамиз. Икки ота, икки онам бор деб доим фахрланиб юраман. Биргаликда улғайдик. Энг катта бойлигимиз ота-оналаримиз бошимизда.

Орамиздаги масофа икки қишлоқ бўлса-да ёшлигимда соғинганимдан далалардан ўтиб қочиб бўлса ҳам онамни кўриб келардим”, – дейди у.

“Алмашишга мажбур бўлдик” – Зиёдуллонинг отаси Исроилжон Мирзаев

Исроилжон Мирзаев

“3 ўғилдан кейин тўртинчи фарзанд туғилиши арафасида аёлимни роддомга олиб бордим. У ердан ўғил туғилгани ҳақида хабар келди.

Англашилмовчилик бўлиб чақалоқлар роддомда алмашиб қолган экан. Икки она қаршисига икки танлов қўйилган. Ё ҳақиқий фарзанди билан уйга қайтиш ё 6 кун эмизган бегона болани фарзанд қилиб олиш. Оқ сут берган бегона болага меҳри тушиб қолган оналар бегона болани танлайдилар. Шундай қилиб биз Иззатиллони, улар Зиёдуллони уйга олиб кетишган.

Мен бўлиб ўтган воқеадан кейинроқ хабар топганман. Ҳар қандай вазиятда ҳам болани алмаштириш керак эди. Оналарнинг қаршилиги сабаб орадан бир ярим йил ўтиб кетди. Болаларни алмаштиришга мажбур бўлдик. Парваришлаётган ўғлимиз бошқа фарзандларимга ўхшамайдиган қилиқлар чиқара бошлади. Иззатилонинг рангги қорачадан келган эди. Бизнинг авлодимизда эса оқсариқдан келган фарзандлар туғилган эди”, – дейди у.

“Иккисини ҳам биргаликда улғайтиришни орзу қилдим” – Зиёдуллонинг онаси Мирзаева Юлдузхон

Мирзаева Юлдузхон

“Аввалига болаларни алмаштиришга журъат қила олмадим. Иккисини ҳам биргаликда улғайтиришни орзу қилдим. Она меҳрини ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайди. Парваришлаган ўғлим Иззатилло қаймоқни яхши кўрарди. Ўз уйига олиб кетишгандан кейин қаймоқ кўтариб икки қишлоқ нарига бориб ундан хабар олиб турдим. Парваришлаган ўғлимни кўрмасдан тура олмасдим.

Иззатиллонинг туғилган кунида Одинахон Зиёдулло билан уйимизга келди. Болани бермайман деб уни олиб қочиб кетганман ўшанда. Болага меҳрим тушиб бўлганди. Болалар алмашди. Ҳаммаси яхшилик билан тугади”, – дейди у.

“Оиламиз, ҳаёт йўлимиз бир хил” – Зиёдулло Мирзаев

“Аллоҳнинг изни билан ана шундай қизиқ ҳолат бошимиздан ўтган. Энг асосийси, биз биргамиз. Икки оила ришталари бир-бирига узвий боғланган. Икки ота, икки онамиз бор. Ҳолимиздан хабар олмасак кўнглимиз жойига тушмайди. Энг муҳими тўй-маросимларда, яхши-ёмон кунларда доим биргамиз. Ёшлик пайтларда Иззатилло уйимизга келса уйда қолишини истардим.

Тақдир тақозоси билан мен ҳам оилада тўртинчи ўғил, Иззатилло ҳам тўртинчиси”, – дейди у.

Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид