Уч вилоятда электрдан ноқонуний фойдаланганлар 711 млн сўм зарар етказди
Қибрай туманида кўп қаватли уйларни иситишга мўлжалланган қозонхона қуришда катта миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида электрдан ноқонуний фойдаланганлар 711 миллион сўм зарар етказди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент органлари томонидан Электр таъминоти корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда, табиий ресурс тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари фош этилди.
Хусусан, департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Г.С.» МЧЖ раҳбари Ж.Н. ва бошқалар «Юқори юз» МФЙ ҳудудида кўп қаватли уйларни иситиш учун мўлжалланган қозонхонани қуришда 533,7 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Зафаробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «П.» МЧЖ раҳбари А.З. ва бошқалар электр энергияси тўловларидан 259,2 миллион сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлишига қарамасдан, тош майдалаш ускуналарини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 441,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Зомин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.-И.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. ва бошқалар фермер хўжаликка қарашли ер майдонларини суғориш учун сув насосини сохта ҳужжатлар орқали умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 342,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Ғаллаорол туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, «Ф.-Т.» хусусий корхонаси раҳбари Ш.К. ва бошқалар ушбу корхона ғишт заводида 400 кВт/с қувватга эга трансформаторни умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 131,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу билан биргаликда, департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда шаҳар қурилиш бўлими масъул шахслари ва бошқалар қурилиш бўлимига қарашли маъмурий бинони умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 73,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жами 711 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
14:12 / 15.11.2024
Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди
08:14 / 14.11.2024