Жаҳон | 10:47 / 28.02.2023
11621
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура Светлана Тихановская учун 19 йиллик қамоқ жазосини талаб қилди

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Беларус президентлигига собиқ номзод ўнта жиноий иш бўйича айбланмоқда. Жумладан - тартибсизликларда иштирок этишга тайёргарлик, ҳокимиятни эгаллаш учун фитна уюштириш.

Фото: Getty Images

Беларус прокуратураси президентликка собиқ номзод Светлана Тихановскаяни сиртдан 19 йилга, собиқ дипломат Павел Латушкони ҳам 19 йилга колонияга ҳукм қилишни талаб қилди. Бундан ташқари, прокуратура Тихановскаяга 37 минг беларус рубли миқдорида жарима солиш, Латушкони 5 йилга мансабдорликдан маҳрум этиш зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 27 февраль, душанба куни Беларуснинг «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Тихановская ўнта жиноий иш бўйича айбланмоқда. Жумладан - тартибсизликларда иштирок этишга тайёргарлик, ҳокимиятни эгаллаш учун фитна уюштириш, «экстремистик тузилмалар» яратиш ва уларга раҳбарлик қилиш. Латушкога еттита жиноий иш қўзғатилган.

Тихановская ва Латушкодан ташқари судланувчилар орасида Олга Ковалкова, Сергей Дилевский ва Мария Мороз бор, бу сиёсатчиларга қарши иш бўйича суд «махсус иш юритиш» режимида ўтказилмоқда. Унинг тафсилотлари номаълум. 2022 йил июль ойида Беларус раҳбари Александр Лукашенко Беларусда судларни сиртдан ўтказишга рухсат берувчи махсус иш юритиш институтини жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

«Весна» инсон ҳуқуқлари маркази маълумотларига кўра, Беларусда 2020 йилги президентлик сайлови кампанияси бошланганидан буён мамлакатда сайлов натижаларига норозилик намойишлари билан боғлиқ 5500 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу ишлар «ноқонуний оммавий тадбирлар, тартибсизликлар, норозилик акциялари, давлат суверенитети ва жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш, мулкни қасддан йўқ қилиш ва шикастлаш, мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан зўравонлик ва таҳдидлар билан боғлиқ кўринишлар» бўйича қўзғатилган.

Мавзуга оид