Жаҳон | 09:51 / 02.03.2023
7993
10 дақиқада ўқилади

Автомобилдан қутулган шаҳарлар – пандемия шаҳарларни инсонларга қайтариб берди

Коронавирус пандемияси шаҳарларда одамлар учун тоза ҳаво ва автомобиллардан холи бўлган тинч жамоат жойлари, очиқ майдонлар қанчалик муҳим эканини кўрсатиб қўйди. Одамларнинг саломат бўлиши ва уларни кўпроқ пиёда ёки велосипеддан фойдаланишга ундаш, умуман шаҳарларнинг қулайлигини ошириш бош планга кўтарилди.

Фото: Kun.uz

Bloomberg нашри маълумотларига кўра, сўнгги 3 йилда бир қанча мамлакатларда маҳаллий кўчалар ва автотураргоҳларни автомобиллардан «тортиб олиб», унинг ўрнига овқатланиш ёки дам олиш масканлари қуриш, велосипед йўлакларига айлантириш ҳолатлари кўпайган.

Қуйида шаҳар кўчаларини инсонлар учун жамоат жойларига айлантирган муваффақиятли лойиҳалар билан танишиш мумкин. Уларнинг баъзилари пандемия вақтида, баъзилари эса умуман ундан ҳам олдин йўлга қўйилган.

«Jon F. Kennedy Drive» — Сан-Франсиско, Калифорния

2020 йилда Америка расмийлари Сан-Франсискодаги «Golden Gate» боғига олиб борувчи асосий кўча бўлган «Jon F. Kennedy Drive»га автомобилларнинг киришини тақиқлаб қўйган. Ўшандан бери бу кўча тўлиқ пиёдалар сайргоҳига айланган, унда турли «street art»ларни, санъат иншоотларини, хусусан, шаҳардан йўқ бўлиб кетган афсонавий «Doggie Diner»ни эслатувчи етти футлик 3 та ҳайкални ҳам учратиш мумкин.

2016 йилда «Jon F. Kennedi Drive» кўчасига туширишдан олдин суратга олинган «Doggie Diner» ҳайкаллари / Фото: Карлос Авила Гонсалез / The San Fransisco Chronicle via Getty Images

Шунингдек, у ерда ўйин майдончалари, оилалар учун мўлжалланган турли дастурлар ҳам бор. Фуқаролар келиб, бемалол уларда иштирок этиши, ҳордиқ олиши мумкин.

Ўша вақтда расмийлардан бири Сан-Франсиско газетасига аҳолини қўллаб-қувватлаб, бу кўча доимий равишда автомобиллардан холи бўлиши учун овоз берган. Пандемияда жамоат майдонларини автомобилсизлаштириш бўйича бошланган мазкур вақтинчалик лойиҳа қанчалик манфаатли экани намоён бўлган. Заруратга айланиб қолган бу каби лойиҳаларни амалга ошириш одамлар орасида «маданий уруш»ни ҳам келтириб чиқармоқда десак ҳам бўлади.

Чунки жараёнда юзлаб қўллаб-қувватловчилар бўлгани каби, унга қарши чиққанлари ҳам бўлади. «Jon F. Kennedy Drive» кўчаси мисолида айтадиган бўлсак, охир-оқибат 10 мингдан ортиқ яшовчилар шаҳар мэрига кўчани автомобиллар учун доимий равишда ёпиб қўйишни талаб қилиб чиқишган. Бунга эришилган ҳам.

34-авеню Жексон Ҳейтс — Нью-Йорк шаҳри, Нью-Йорк

2020 йилдан бери Нью-Йоркнинг гавжум кўчаларидан бири – Жексон Ҳейтс авенюсидан пиёдалар йўлаги ҳамда жамоат маркази сифатида фойдаланиб келинади. Масалан, авенюда жойлашган 2 км (1,3 миля) узунликдаги Квинс кўчаси ҳар куни эрталаб соат 7:00 дан кечки 20:00 га қадар транспорт ҳаракати учун ёпиб қўйилади.

Нью Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс бу ҳудудни шаҳардаги очиқ кўчалар ташаббусининг «олтин стандарти», яъни энг яхшиси сифатида баҳолаган. Маълумотларга кўра, кейинроқ мазкур кўча атрофидаги 33 та маҳалланинг 27 км (17 миля) узунликдаги йўлларида ҳам автомобиллар қатнови тақиқланган. Боиси, пандемия вақтида бу ҳудуд энг кўп зарар кўрганлардан бўлган. 

Квинс аҳолиси 34-авенюда йога билан шуғулланмоқда / Фото: 34th Ave Open Streets Coalition 

Квинс кўчасида барча одамлар сайр қилиши, велосипедда юриши, болалар эса ўйнаши мумкин. Шунингдек, у ерда бир қанча кўнгиллилар томонидан озиқ-овқат ва кийим-кечак тарқатилади, фуқаролар жисмоний машқлар билан шуғулланади, инглиз тилини ўрганади. «Бундай жамоат маркази шу вақтгача бўлмаганди», – дейди маҳаллада яшовчилардан бири Нуала O’Доҳерти-Наранжо.

«Бундан ташқари, ўғлимизнинг мактабга бориб келиши учун ҳам кўча хавфсиз қилинган, бу ота-оналарни хотиржам қилади»,– дейди яна бир фуқаролардан бири, икки нафар фарзанднинг отаси Стивен Макинтош.

Қайд этилишича, кўчаларга автомобилларнинг кириши маълум вақтлар учун чеклангач ҳудудда пиёдалар иштирокидаги автоҳалокатлар сони 41 фоизга камайган.

«Street Moves» лойиҳаси – Стокҳолм, Швеция

Швециянинг «Street Moves» лойиҳаси асосида кўчаларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш эмас, балки худди суратда акс этганидек қулайлаштиришга эътибор қаратилади. Унга кўра, Стокҳолм марказидан бошлаб велосипед ва пиёдалар учун мослаштирилган парклет (йирик шаҳарларда ташкил қилинадиган унча катта бўлмаган дам олиш зонаси) услубидаги жамоат жойларини, велосипед тураргоҳлари ва болалар учун ўйин майдончаларини қуриш режалаштирилган.

Швециянинг «Street Moves» лойиҳаси бир суратда. Лойиҳа асосида 2030 йилгача мамлакатдаги ҳар бир кўчага скутер-тўхташ жойи ва ўриндиқлар ўрнатиш режа қилинган / Фото: ArkDes

«Vinnova» миллий инновацион ташкилоти ва «ArkDes» дизайн таҳлилий маркази ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бу лойиҳа бошқа амбицияларга ҳам эга. Бунда муниципал ваколатга эга ташкилотлар ва жамоалар билан яқиндан ҳамкорликда ишлаш орқали шаҳар кўчаларига мос келадиган, ҳеч кимникига ўхшамаган жиҳозларни жойлаштириш, яъни кўплаб одамларни жалб қилиш билан лойиҳани янада мукаммаллаштириш назарда тутилган.

Қайд этилишича, ҳозирда «Vinnova»нинг стратегик дизайн бўйича собиқ директори Ден Хилл одамлар уйидан чиқиши биланоқ улар учун мослашган кўчалар – «Бир дақиқада шаҳар» деб номланган лойиҳа устида ишламоқда. Бу лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб автомобиллардан фойдаланиш камаяётганда, пиёдалар учун қулай дизайнни яратишга қаратилган.

«Rue de Rivoli» – Париж, Франция

Сўнгги йилларда Францияда ҳам велосипеддан фойдаланиш маданияти айтарли даражада ривожланиб бормоқда десак бўлади. Айниқса мамлакат пойтахтида жойлашган «Rue de Rivoli» кўчаси бунга яққол мисол бўла олади.

Rue de Rivoli кўчасида ҳаракатланиб кетаётган велосипедчилар / Фото: Google

Конкорд майдонини Париж мэрияси билан боғлайдиган бу кўча пандемия вақтида велосипед йўлагига айлантирилганди. Кейинроқ, 2021 йилда йўлнинг бир қисми автобус, такси ва автотранспортларнинг мунтазам қатнаши учун ажратилди. Қолган жойларда эса ҳанузгача велосипедчилар бемалол ҳаракатланиб келяпти. 

Велосипедчилар билан тўлган жонли, яшил, тарихий хиёбон… Парижда қўлланган бу амалиёт доимий равишда саёҳат қилувчиларнинг орзуси бўлиб келган.  Инфратузилмани шу тарзда ўзгартириш билан инсонларни кўпроқ велосипед ҳайдашга самарали тарғиб қилиб келишмоқда.

Аммо янги лойиҳа кўчаларда тирбандликни юзага келтириши билан катта норозиликларга, одамларнинг бир-бирига қўпол муносабатда бўлишига олиб келган. Қизиғи шундаки, бу нохушликлар лойиҳанинг муваффақиятсизлигига сабаб бўлмаган. Аксинча, одамлар бунга мослашиб, велосипеддан фойдаланувчилар сони ортган. Риволи кўчаси эса айни вақтда Париждаги энг кўзга кўринган кўчалардан бири бўлиб қолган.

«Piazze Aperte»(«Очиқ майдонлар») лойиҳа – Милан, Италия

Ўн беш йил олдин Италия пойтахти Милан Европадаги энг кўп автомобилларга эга шаҳар ҳисобланган. Бу эса турли оқибатларга олиб келган: шаҳар ҳавоси чангга тўлиб кетган, чиройли майдон бўлиши мумкин бўлган ҳудудлар эса автомобиллар каруселига айлантирилган. Ҳозирга келиб, кўп нарса ўзгарди.

2012 йилда тирбандлик солиғи жорий этилди, 2018 йилда эса тирбандликни камайтириш, шаҳар майдонларини автомобилсизлаштиришга қаратилган 40 та чора-тадбирдан иборат катта схема ишлаб чиқилди. Шунингдек, «Bloomberg Associates» билан ҳамкорликда «Piazze Aperte» («Очиқ майдонлар») лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Лойиҳада 2030 йилгача ҳар бир ҳудудда пиёдаларга мўлжалланган майдонлар ташкил қилиниши белгиланди. Унга кўра, дастлаб бу жараёнда йўллар шаҳарсозликнинг классик услубларидан фойдаланган ҳолда тўсиқлар ёки бўёқлар орқали ажратиладиган бўлди.

Миландаги «Piazze Aperte» кўчасида жамоат жойларини кўпайтиришга қаратилган ишлар / Фото: Карло Котсзоли / Bloomberg Philantropies

Натижада беш йилдан камроқ вақт ичида шаҳарда 22 минг квадрат метр узунликдаги пиёдалар учун майдон яратилди, автотураргоҳлар эса ранг-баранг қилиб бўялиб, у ерга ўриндиқ ва буталар ўрнатилди. Ҳозирда бу ҳудудлар одамлар учун сокин жойга айланиб қолган.

Схема шунчалик муваффақиятли ўтаётганидан Миланда кундан кунга очиқ майдонлар сони кўпайиб бормоқда. Пандемия вақтида ёпилган кўчалар ҳам ҳозирда одамлар учун қулай зона сифатида фойдаланиляпти.

Бутун шаҳар велосипед тармоғи – Богота, Колумбия

2020 йил март ойида Колумбия пойтахти Богота шаҳрида 84 километрли вақтинчалик велосипед йўлаклари қурилган. Ҳозирга келиб бу йўлакларнинг камида 28 километри доимий бўлиб қолди, ундан ҳали ҳам велосипедчилар фойдаланиб келади. Колумбия ҳукумати шаҳарлар учун бу каби йўлакларнинг аҳамиятини тушуниб етгач, 2024 йилгача жами 830 километр велосипед йўлакларини барпо қилишни режалаштирмоқда. Бу орқали шаҳар микромобиллигини ошириш кўзда тутилган.

2022 йил 9 апрел, Боготадаги Каррера Септима кўчаси бўйлаб ташкил этилган велосипедчилар ва автомобиллар йўлаги / Фото: Наталия Ангарита / Global Designing Cities Initiative

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача шаҳарда 560 километрдан ортиқ велосипед йўлаклари қуриб бўлинган, баъзилари марказдан ташқарида, бошқалари эса тўғридан тўғри тирбанд бўладиган кўчаларда ташкил қилинган. Йўлаклар пластик ва бетон тўсиқлар билан ҳимояланган. Маълумотларга кўра, Боготада «Vision zero» (Йўлларда ўлим ва жароҳатланиш сонини нолга тенглаштиришга қаратилган лойиҳа) ташаббуси доирасида автомобилларнинг ҳаракатланиш тезлиги ҳам пасайтирилган.

Шуни ҳам айтиш жоизки, Боготада велосипедчилар учун қулай шароит яратиш пандемиядан олдин ҳам йўлга қўйилган. 1974 йилдан бери ҳар якшанба шаҳарнинг тахминан 122,3 км (76 миля) масофадаги кўчалари велосипедчилар, конкида учувчилар ҳамда шунчаки сайр қилишни истаган ёки машқ қилмоқчи бўлган пиёдалар учун ёпилади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид