Жаҳон | 08:38 / 04.03.2023
10789
2 дақиқада ўқилади

Братиславада минглаб одамлар Украинадаги урушга қарши намойишга чиқди

Словакия пойтахтида ўнг қанот популист ва россияпараст кучлар қўллаб-қувватлаган намойишчилар, шунингдек, Украина байроқлари ва Путинга қарши баннерлар кўтарган митингчилар кўчаларга чиқди.

Фото: AP

Братислава марказида 3 март, жума куни кечқурун минглаб намойишчилар митингларда иштирок этди. Улардан бири – «Тинчлик марши» аноним шахс томонидан рўйхатдан ўтказилган ва, афтидан, ўнг қанот популистлар ва россияпараст кучлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Намойишчилар Киевга қурол етказиб бериш ўрнига тинчлик музокараларини ўтказишни талаб қилиб, Словакия президенти Зузана Чапутованинг расмий қароргоҳидан шаҳар маркази орқали АҚШ элчихонасига йўл олди. Оломон орасида кўплаб Словакия байроқлари, шунингдек, камида битта Россия ва битта СССР байроғи кўринди. Баннерларда «Биз тинчликни хоҳлаймиз» деган руҳдаги ёзувлар, шунингдек, Словакиянинг НАТОга аъзолигига қарши шиорлар устунлик қилган.

Айни вақтда Украина байроқлари ва Путинга қарши баннерлар билан намойишчилар президент саройи олдидаги марказий майдонга келишди, дея хабар беради dpa агентлиги. Унга кўра, бу гуруҳнинг сони биринчисига қараганда камроқ эди. Унинг иштирокчиларидан баъзилари Америка дипломатик миссиясига ҳам боришди ва у ерда АҚШ байроқларини кўтариб олишди.

Полиция тартибни сақлашга муваффақ бўлди, икки намойиш иштирокчилари ўртасида тўқнашувлар бўлмади. Воқеа жойидан олинган видеоёзувларда фақат алоҳида оғзаки тўқнашувлар, шунингдек, «Украинага шон-шуҳрат!» - деган ҳайқириқларни эшитиш мумкин.

Словакия Украинага 10 та МиГ-29 самолётини етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда 1 март куни Словакия мудофаа вазири Ярослав Наджига таяниб, AP агентлиги хабар берди.

Украина президенти Володимир Зеленский бош вазир вазифасини бажарувчи Эдуард Хегер билан 9 февраль куни Европа Иттифоқи саммитида учрашди ҳамда Киевга МиГ-29 енгил қирувчи самолётлари етказиб беришни сўради. Зеленскийнинг Словакияга сўрови Европа Иттифоқи давлатларига ёрдам сўраб мурожаат қилишнинг бир қисми эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид