Жаҳон | 21:44 / 06.03.2023
7285
2 дақиқада ўқилади

Тихановская 15 йиллик қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилинди 

Беларус суди 2020 йилда оммавий норозилик уюштирган мухолифат вакилларини оғир жиноятларда айбдор деб топди. 

Фото: Getty Images

Минск шаҳар суди Светлана Тихановскаяни 15 йилга, Павел Латушкони 18 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди БелТА. 

Тихановская, суд қарорига кўра, жазони умумий режимли колонияда ўташи керак. Шунингдек, у 800 базавий кўрсаткич (қарийб 127 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди. 

Латушко 5 йил муддатга ташкилий, маъмурий ва хўжалик вазифаларни бажариш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 

«Беларус мувофиқлаштирувчи кенгаши» иши бўйича судланган барча айбланувчилар, жумладан Мария Мороз, Олга Ковалкова ва Сергей Дилевский давлат ҳокимиятини конституцияга зид йўл билан эгаллаб олиш мақсадида фитна уюштириш, экстремистик тузилмани яратиш ва бундай тузилмага раҳбарлик қилиш, давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга ва Беларус миллий хавфсизлигига зарар етказишга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга оммавий чақириқлар, шу жумладан Беларусга, республиканинг жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан чеклов чораларини (санкцияларини) қўллаш, бундай мурожаатларни ўз ичига олган материалларни тарқатиш, ижтимоий нафрат ва низо қўзғатишда айбдор деб топилди. 

Бундан ташқари, Тихановская давлатга хиёнатда, Латушко эса ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва катта миқдорда пора олишда айбланган. 

Ҳукм қонуний кучга кирмаган, апелляция шикояти ва протест келтирилиши мумкин. 

Судланувчиларнинг барчасига сиртдан ҳукм чиқарилди. Улар ҳозирда Беларусни тарк этган. 

Светлана Тихановская суд ҳукмини изоҳлар экан, ўз сиёсий фаолиятини давом эттиришини маълум қилди. 

«Улар «ҳукм» орқали менга нима демоқчи экани ҳақида ўйламаяпман. Биз ҳукм ёки ҳукмсиз ўз ишимизни давом эттирамиз. Мен ва демократик кучлар сиёсий маҳкумларни озод қилиш ва давлатимизни демократик ўзгаришларга олиб келиш учун ҳаракат қилдик ва бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз», деди у.

Мавзуга оид