Ўзбекистон | 16:23 / 09.03.2023
26380
3 дақиқада ўқилади

Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга камайтирилади

Президент ДХХ раиси ва бош прокурорни тайинлашдан олдин Сенат билан маслаҳатлашиши талаб этилади. Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат сайлайди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Ўзбекистон парламентида конституцияни янгилаш ҳақида маъруза қилган депутат Жаҳонгир Ширинов асосий қонунга киритилаётган айрим ўзгаришларни санаб ўтди.

“Парламентнинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари кучайтирилмоқда ҳамда президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилмоқда.

Жумладан, янгиланаётган Конституцияда бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин президент томонидан тайинланиши, шунингдек монополияга қарши орган ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенат билан маслаҳатлашилгандан кейин президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.

Шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклифи киритилмоқда.

Ушбу йўналишдаги яна бир концептуал ўзгаришлардан бири бу – маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб, Сенат таркибини ихчамлаштириш орқали унинг фаолият самарадорлигини оширишдир. Шу мақсадда сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгармоқда. Бунда Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинмоқда.

Қонун Сенат томонидан 60 кун ичида кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси президентига юборилиши назарда тутилмоқда.

Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда”, – деди Жаҳонгир Ширинов.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги чақириқдаги Олий Мажлис ўз фаолиятини янгиланаётган Конституцияда белгиланган ваколатларга мувофиқ, ушбу Конституция кучга кирган пайтдан эътиборан амалга ошириши белгиланмоқда.

Сенат аъзоларининг сонини белгиловчи янги нормалар эса, 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Сенат шакллантирилиши пайтидан эътиборан амалга киритилиши назарда тутилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид