Ўзбекистон | 22:07 / 09.03.2023
43988
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев аралаш сайлов тизимига ўтишни таклиф қилди 

Аралаш сайлов тизимига пропорционал ва мажоритар тизим киради. 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтишни таклиф қилди. Бу ҳақда ЎзХДП етакчиси Улуғбек Иноятов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 март куни бўлиб ўтган мажлисида хабар берди. 

Аралаш тизимга пропорционал ва мажоритар тизим киради. Мандатларнинг бир қисми пропорционал тизим (партия рўйхатлари бўйича), иккинчи қисми эса мажоритар тизим (номзодга овоз бериш) бўйича тақсимланади. 

«Аралаш сайлаш тизимига ўтиш, бу — жамиятимизда, бошқарувда сиёсий партияларнинг таъсирини оширишга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, 92-моддада Қонунчилик палатаси аралаш сайлов тизими орқали шаклланишини аниқ белгилаб қўйиш бўйича муносабатингизни билмоқчи эдик», деди Улуғбек Иноятов. 

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов амалдаги Конституция ҳам, янгиланаётган Конституция ҳам аслида бунга тўсқинлик қилмаслигини таъкидлади.

«Мен сизнинг таклифингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман», деди у. 

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов мазкур таклифни кўриб чиқиш ва мазкур бандни киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишни таклиф этди.

Маълумот учун, мажоритар сайлов тизими - давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизими бўлиб, унда сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланади. Пропорционал сайлов тизимида эса сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз беради. 

Мавзуга оид