Ўзбекистон | 18:25 / 10.03.2023
4172
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда жамоат транспортидан кўпроқ аёллар ва ёшлар фойдаланмоқда – ПМТИ

Пойтахтдаги тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9 фоизи, микроавтобус йўловчиларининг 83,3 фоизи тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган.

Фото: KUN.UZ

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан Тошкент шаҳри аҳолисининг йўллардаги тирбандликка муносабати ўрганилди.

Тирбандликлар жаҳондаги аксарият йирик шаҳарлар учун катта муаммога айланиб улгурган. Inrix маълумотларига кўра, тирбандлик туфайли Лондонда битта ҳайдовчи йилига ўртача 156 соат, Чикагода 155 соат, Парижда 138 соат ортиқча вақт сарфлайди.

Тирбандлик Тошкентда ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Тошкент шаҳрида жисмоний шахсларга тегишли автомашиналар сони 562,1 мингтани ташкил этган ва доимий яшовчи ҳар 1 000 кишига 178 та автомобиль тўғри келган.

Тадқиқот давомида Тошкент шаҳри аҳолисининг тирбандликка муносабати ва уни камайтириш бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ташкил этилиб, унда жами 891 киши иштирок этган. Иштирокчиларнинг 60,8 фоизи автомобиль ҳайдовчилари бўлиб, шундан 10,3 фоизи аёллар.

Сўров натижасига кўра, респондентларнинг 41,8 фоизи автобус, 27,5 фоизи метро, 24,1 фоизи такси, 1,7 фоизи микроавтобус хизматидан фойдаланишини ва 4,9 фоизи пиёда юришини билдирган. Жамоат транспортидан кўпроқ аёллар (33,1 фоиз) ва ёшлар (36,5 фоиз), шахсий транспортдан эса кўпроқ эркаклар (33,1 фоиз) фойдаланиши маълум бўлган.

Сўровда иштирок этган пойтахт аҳолисининг 74 фоизи тирбандликни асосий муаммолардан бири, 21 фоизи ўрта даражадаги муаммо ва 5 фоизи бошқа муаммолар қаторида унчалик муҳим эмас, деб ҳисоблашини билдирган.

Тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Шу боис автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9 фоизи, микроавтобус йўловчиларининг 83,3 фоизи тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган.

Сўровда қатнашганларнинг 62,2 фоизи тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар, нотўғри парковка, 57,6 фоизи йўллардаги носозликлар, 46,8 фоизи ўқишга қатновчилар ҳамда 41,2 фоизи ишга қатновчилар туфайли фаоллик ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар сифатида қайд этган.

Респондентлар биринчи ўринда кичик ҳалқа йўли (136 маротаба) ва Бунёдкор шоҳкўчасидаги чорраҳаларни (106 маротаба) тартибга келтириш лозимлигини қайд этган. 

Сўров иштирокчиларининг 41,8 фоизи тирбандлик туфайли йўл учун кўпроқ вақт режалаштиришини, 39,1 фоизи тирбандлик йўқ йўллардан юришини, 16,9 фоизи тирбандлик камайишини кутишини айтган.

Билдирган фикрлар орасида жамоат транспорти (автобуслар) учун инфратузилмаларни яхшилаш, парковкаларни тўғри шакллантириш, кўпқаватли автотураргоҳлар, пиёдалар учун ерости ўтиш йўллари ва кўприклар қуриш, метро линияларини кенгайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, рақамли бошқарувга ўтиш каби таклифлар кўп учраган.

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги қарорига асосан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун табиий газ воситасида ҳаракатланувчи 700 дона автобус ва 300 дона электробус харид қилиш белгиланган. Март ойи якунига қадар Хитойдан 110 дона автобус ва 150 дона электробус етказиб берилиши кутилмоқда.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ушбу саъй-ҳаракат тирбандлик муаммосини ҳал этишда ёрдам бериши билан бир қаторда пойтахтдаги экологик вазият учун ҳам ижобий аҳамиятга эга.

Мавзуга оид