Жаҳон | 17:26 / 11.03.2023
25547
7 дақиқада ўқилади

Донбассдаги «арвоҳ қишлоқ» ва дафн маросимидаги вазир. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 380-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • «Росстат» қашшоқлик даражаси тарихий минимумга пасайгани ҳақида ҳисобот берди. Бу уруш қатнашчилари учун тўловлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
  • Москва биржасидаги савдолар вақтида евро курси 2022 йил 22 апрелидан буён илк бор 81 рублга кўтарилди.
  • Тадқиқотчи журналистлар аниқлашича, Россияда давлат компаниялари ходимлари ва мансабдор шахслардан хорижга чиқиш паспортлари олиб қўйилмоқда.
  • CNN маълумотига кўра, Россия Украинада қўлга киритилган НАТО қуролларининг бир қисмини Эронга юборган.
  • «ЛХР» суди украиналик ҳуқуқ ҳимоячиси, уруш давомида асир тушган Максим Буткевични 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
  • Украина президенти офисидагилар мамлакат қуролли кучлари қарши ҳужумни май ойида бошлашини айтишди.
  • Харкив ва Житомир Россиянинг 9 март кунги ёппа ракета зарбалари оқибатида қисман электр таъминотидан узилган.
  • Белгия голодоморни украин халқи геноциди деб тан олди.

Богородичное қишлоғидаги кечув жойида портлатилган кўприк

Богородичное — Донецк областидаги қишлоқ бўлиб, Шимолий Доннинг ўнг соҳилидаги Святогорск шаҳридан етти километр масофада жойлашган. Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар Богородичноеда 800 нафар атрофида аҳоли яшаган. 2022 йил баҳорида қишлоқ ҳудудида шиддатли жанглар кечган, ёзда Россия армияси ушбу аҳоли яшаш манзилини босиб олган. 11 сентябр куни украин ҳарбийлари қарши ҳужум давомида ушбу қишлоқни озод этишади. FreeDOM телеканали маълумотига кўра, ҳозирда Богородичноеда бирорта бутун бино қолмаган, отишмалар оқибатида маҳаллий черков ҳам шикастланган. Богородичноени «арвоҳ қишлоқ» деб аташади — маҳаллий аҳолининг деярли барчаси босқинга қадар бу ерни тарк этганди, аммо бир неча киши ўз уйларида қолган.

Богородичное қишлоғи аҳолиси Шимолий Донни вайрон бўлган кўприқ орқали кечиб ўтади
Ihor Tkachov / AFP / Scanpix / LETA
Маҳаллий аҳоли қишлоқдан етти километр масофадаги Святогорск шаҳрига бориш учун вайрон бўлган кўприк орқали ўтишга мажбур; бу ердан озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш ва инсонпарварлик ёрдамлари олиш мумкин.

Дарёни белгача сувга ботиб кечиб ўтиш мумкин
Anatolii Stepanova / AFP / Scanpix / LETA
Anatolii Stepanova / AFP / Scanpix / LETA

Долина қишлоғида снарядлардан ҳосил бўлган ўралар

Долина қишлоғи Донецк областининг Славянск районида, Харкив области билан чегара яқинида жойлашган. 2022 йил февралига қадар Долинада 550 нафар атрофида одам яшаган. 2022 йил ёзида Россия қўшини аҳоли яшаш манзили атрофига етиб келган, аммо уни эгаллай олмаган. Россия армия зарбалари оқибатида Долинадаги деярли барча уйлар вайрон бўлган, аҳолининг аксар қисми қишлоқни март ойидаёқ тарк этганди.

2022 йил баҳори ва ёзидаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари
Ihor Tkachov / AFP / Scanpix / LETA

Киевда Дмитро Коцюбайлонинг дафн маросими

Дмитро Коцюбайло (Да Винчи лақабли) — украиналик 27 ёшли ҳарбий хизматчи, у 2021 йилда Украина Қаҳрамони унвонини олганди. Коцюбайло 2014 йилги Майдан воқеаларида иштирок этган, кейинги саккиз йил давомида «Правый сектор» сафида жанг қилган ва «Волки Да Винчи» номи остидаги штурмчи бўлинмага қўмондонлик қилган. У март ойи бошида Бахмут атрофида ҳалок бўлди. 10 март куни Киевда Коцюбайло билан видолашув маросими ўтказилди. Унда Украина президенти Володимир Зеленский, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний, мудофаа вазири Олексий Резников, Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов ҳамда Финландия бош вазири Санна Марин иштирок этди.

Украина мудофаа вазири Олексий Резников ва Дмитро Коцюбайлонинг яқинлари Киевдаги дафн маросимида
Vladyslav Musiienko / Reuters / Scanpix / LETA

Константиновка ўққа тутилиши

Донецк области прокуратурасига кўра, 10 март куни Россия кучлари Константиновка шаҳрини С-300 зенит-ракета комплекси ва «Ураган» баравар ўт очиш тизимидан ўққа тутган. Натижада саккиз киши яраланган, 14 уй ва тўққиз автомобил шикастланган ёки тўлиқ вайрон бўлган. Константиновка Донецкдан тахминан 80 километр шимолда ва Краматорскдан 35 километр жанубда жойлашган, бу ҳудуд РФ қуролли кучларининг Донбассдаги стратегик мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда. Россия армияси шаҳарни мунтазам равишда ўққа тутиб келмоқда.

Тиббий ходим россияликлар зарбасидан шикастланган аҳоли вакилига тез ёрдам машинасига етиб олишида ёрдам кўрсатмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Шаҳар ўққа тутилиши вақтида ишлаётган қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар
Ўт ўчирувчилар зарба оқибатларини бартараф этмоқда
Жабрланган аёлга ёрдам кўрсатаётган шифокорлар
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украиналик аскарлар Константиновкада яшовчи 49 ёшли Олександр Никифоровга ёрдам кўрсатмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Ярадор киши ва унинг онаси маҳаллий шифохонада навбат кутмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украиналик қутқарувчилар ёнғинни ўчиришга уринмоқда, шу билан биргаликда портлашдан яширинмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Иккинчи жаҳон уруши ёдгорлигидаги вайронгарчилик

ЮНЕСКО маълумотига кўра, 2023 йил мартига келиб Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида камида 246 та маданий объект шикастланган, улардан 107 таси диний объектлар, 88 та бино тарихий ёки бадиий қимматга эга, шунингдек 20 музей ва 19 ёдгорлик бор. «Важные истории» нашри ёзишича, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён мамлакат ҳудудида Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган совет аскарларининг камида еттита биродарлик қабристони яксон этилган. 

Донецк области Долина қишлоғида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари номма-ном келтирилган ёдгорлик
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид